Рақобат шиддатли кечди
Сирдарё вилоятининг Мирзаобод туманида “Беш ташаббус паралимпиадаси”нинг туман босқичи кўтаринки кайфият ва кучли рақобат муҳитида ташкил этилди. Мусобақада жами 425 нафар ногиронлиги бўлган юртдошимиз 5 та спорт тури бўйича ўз имкониятларини синовдан ўтказдилар.
Тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Мирзаобод тумани ҳокими Абдураҳим Умаров ҳамда Ўзбекистон Адаптив спорт турлари ассоциацияси Сирдарё вилояти бўлими раиси ўринбосари Зоирхон Холов иштирок этиб, иштирокчиларга омад тилаб, мусобақанинг юқори савияда ўтишига тилак билдирдилар.

Майдонга чиққан ҳар бир иштирокчи бугун нафақат спорт натижаси учун, балки ирода, матонат ва қатъият синови учун ҳам кураш олиб борди. Беллашувлар давомида дўстона рақобат муҳити ҳукм сурди, ҳар бир натижа эса кескин курашлар ортидан қўлга киритилди.
Стол теннисида мусобақалар алоҳида қизиқиш билан кечди. Аравачада ҳаракатланувчи эркаклар ўртасида Гулмурод Бердибоев ўз маҳорат ва барқарор ўйини билан ғолибликни қўлга киритди. Тик турган ҳолдаги баҳсларда эса Тўлқин Абдукаримов рақибларидан устун келиб, биринчи ўринга сазовор бўлди.

Сурдо аёллар ўртасида ҳам кескин ва қизғин баҳслар кузатилди. Стол тенниси йўналишида Замира Ибрагимова, енгил атлетикада Дилдора Умарқосимова, бадминтонда эса Нигора Қўшимова ғолибликни қўлга киритдилар. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда Зафар Хўжабеков энг яхши натижани қайд этди.
Пара енгил атлетика бўйича эркаклар ўртасида Ўрол Эшмуродов тезлик ва чидамлилик борасида устунлик кўрсатган бўлса, пара шахматда Ғиёс Тошпўлатов ақл-заковати ва стратегик фикрлаши билан рақибларини ортда қолдирди.

Армрестлинг беллашувлари эса майдондаги энг шиддатли тўқнашувлардан бири бўлди. 60 кг вазн тоифасида Фарҳод Абдуллаев, 70 кгда Ҳасан Муродуллаев, +70 кг вазнда эса Донёр Юнусалиев ғолибликни қўлга киритдилар.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди. Энг муҳими, улар эндиликда вилоят босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.

Мирзаобод майдонларида кечган бугунги беллашувлар ғалаба фақат куч билан эмас, балки ирода, сабр-тоқат ва қатъият билан қўлга киритилишини яна бир бор исботлади.


Ғулом Примов, ЎзА мухбири