Рақамлашган тиббиётдаги Жиззах тажрибаси
Жиззах вилоятида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ўзининг амалий самарасини намоён этмоқда. Айниқса, соҳада рақамлаштириш жараёнларининг жадал кечаётгани, замонавий тиббий хизматлар кўламининг кенгайиши ва янги инфратузилма объектларининг барпо этилиши аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифатини мутлақо янги босқичга олиб чиқяпти.
Ана шу янгиланишлар билан оммавий ахборот воситалари вакилларини яқиндан таништириш мақсадида Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан пресс-тур ва матбуот анжумани ташкил этилди.
Тадбир иштирокчилари дастлаб Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Жиззах филиалида бўлиб, амалиётга жорий этилган “D-med” ахборот тизими имкониятлари билан танишди. Электрон навбат, рақамли тиббий карта, онлайн таҳлил натижалари ва электрон рецепт тизими шифокор ҳамда бемор ўртасидаги вақт ва масофани қисқартириб, тиббий хизматнинг шаффофлигини таъминлаётгани алоҳида эътироф этилди.
Шундан сўнг иштирокчилар янги ташкил этилаётган Жиззах тиббиёт кластерида бўлиб, бу ердаги бунёдкорлик ишлари, юқори технологияли жиҳозлаш жараёнлари ва аҳоли учун яратилаётган шароитларни кўздан кечиришди. Кенг ва ёруғ хоналар, рақамли бошқарув тизими, замонавий диагностика ускуналари мазкур мажмуанинг келгусида нафақат Жиззах, балки қўшни ҳудудлар аҳолисига ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имкониятини яратади.
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, бугун вилоят аҳолисига 195 та тиббиёт муассасаси хизмат кўрсатмоқда. Ихтисослаштирилган марказлар, диспансерлар, туман тиббиёт бирлашмалари, оилавий поликлиникалар ва маҳалла тиббиёт пунктлари фаолиятининг ўзаро уйғунлиги аҳолига тиббий хизматни янада яқинлаштиришга хизмат қилмоқда.
Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Маъруф Орзиқуловнинг таъкидлашича, соҳадаги ислоҳотларнинг асосий мақсади — инсон қадрини улуғлаш ва тиббий хизмат сифатини оширишдир.
— Илгари аҳоли айрим юқори технологияли тиббий хизматлар учун пойтахтга боришга мажбур эди. Бугун эса вилоятнинг ўзида замонавий диагностика ва мураккаб жарроҳлик амалиётлари йўлга қўйилмоқда. Бу фуқароларнинг ортиқча оворагарчилиги ва харажатларини камайтирмоқда. Энг муҳими, рақамлаштириш тизими тиббий хизматда шаффофлик ва тезкорликни таъминлаяпти, — деди Маъруф Орзиқулов.
Дарҳақиқат, рақамлаштириш бугун Жиззах тиббиётининг энг муҳим йўналишларидан бирига айланган. Барча тиббиёт муассасалари ягона ахборот тизимига уланган бўлиб, 1 миллион 266 минг нафардан ортиқ фуқаро учун электрон тиббий карта шакллантирилган. 500 мингдан зиёд аҳоли мобил илова орқали ўз саломатлиги ҳақидаги маълумотлардан фойдаланмоқда.
Президентимизнинг 2026 йил 20 январдаги “Ўткир юрак-қон томир ва цереброваскуляр касалликларнинг олдини олиш чора-тадбирларини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорида бирламчи тиббий хизмат сифатини ошириш, профилактика ишларини кучайтириш ва рақамли тиббиёт тизимини кенг жорий этиш устувор вазифа сифатида белгиланган. Жиззах вилоятида электрон тиббий карта, онлайн назорат ва рақамли кузатув тизимларининг жорий этилиши мазкур қарор ижросининг амалий натижаси сифатида намоён бўлмоқда.
Таҳлилларга кўра, 2025 йил давомида 32 та стационар муассасада 225 мингдан зиёд бемор даволанган. Амбулатор-поликлиника муассасалари қошидаги кундузги стационарларда эса 25 мингдан ортиқ бемор соғломлаштирилган. Бу эса тиббий хизмат қамрови ва самарадорлиги изчил ортиб бораётганидан далолат беради.
— Соҳада хусусий сектор улуши ҳам йил сайин ортиб бормоқда. Жорий йилнинг ўзида 5 та янги хусусий тиббиёт муассасаси ташкил этилди, 12 тасининг фаолияти кенгайтирилди. Натижада хусусий тиббиёт муассасалари сони 180 тага етди, — деди Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Махмарасул Умаров. — Давлат-хусусий шериклик рақобат муҳитини кучайтириб, юқори технологияли тиббий хизматларнинг оммалашишига хизмат қилмоқда.
Матбуот анжуманида аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Жумладан, 40 ёшдан юқори 419 минг нафар аҳоли манзилли скрининг текширувларидан ўтказилиб, минглаб фуқароларда қандли диабет, юрак-қон томир ва бошқа хавфли касалликлар эрта босқичда аниқланган. Бу эса касалликларнинг олдини олиш ва ўз вақтида даволаш имкониятини кенгайтирмоқда.
Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш борасида ҳам ижобий натижалар қайд этилди. Ҳомиладор аёлларнинг қарийб барчаси ультратовуш текширувларидан ўтказилиб, туғма нуқсонларни эрта аниқлаш ва олдини олиш чоралари кучайтирилган.
Президентимизнинг 2024 йил 5 сентябрда қабул қилинган “Давлат тиббий суғуртаси механизмларини жорий этишга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида тиббий хизматларнинг кафолатланган пакетини шакллантириш, рақамли тизимлар орқали аҳолига сифатли ва шаффоф хизмат кўрсатиш вазифалари белгилаб берилган. Жиззах вилоятида электрон рецепт, рақамли тиббий карта ва ягона ахборот тизимининг босқичма-босқич жорий этилаётгани мазкур ҳужжат ижросининг ҳаётий ифодасига айланмоқда.
[gallery-29309]
Бугун Жиззахда соғлиқни сақлаш тизими шунчаки даволаш тармоғи эмас, балки инсон қадрини улуғлаш, аҳоли розилигини таъминлаш ва соғлом жамиятни шакллантиришга хизмат қилаётган муҳим ижтимоий механизм сифатида намоён бўлмоқда. Рақамлашган тиббиёт, замонавий инфратузилма ва малакали кадрлар уйғунлиги эса бу соҳадаги ислоҳотларнинг мустаҳкам пойдеворига айланяпти.
А.Қаюмов, Ж.Ёрбеков (сурат), ЎзА