Радиоактив чиқиндиларнинг миқдори, жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотлар тизимлаштирилади
Мамлакатимизда ядровий тадқиқот реактори мавжуд бўлиб, атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Бу эса радиоактив чиқиндилар муомаласини ҳуқуқий тартибга солишни талаб этади. Умуман, бугун саноат, тиббиёт, фан ва бошқа тармоқлар фаолияти натижасида ҳосил бўладиган радиоактив чиқиндиларни ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва кўмиш жараёнлари ягона ҳуқуқий ҳужжат асосида тартибга солишни тақозо этмоқда.
Шу мақсадда Президентимизнинг тегишли фармони асосида ишлаб чиқилган “Радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан радиоактив чиқиндилар билан муомалада бўлишнинг барча босқичларида хавфсизликни таъминлаш, аҳоли ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкини ҳамда атроф-муҳитни уларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилишнинг аниқ механизмлари белгиланмоқда.
Лойиҳа Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, уни тайёрлашда соҳага оид халқаро ҳужжатлар талаблари ҳамда хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилди.
Ҳужжатга кўра, мамлакат ҳудудидаги барча радиоактив чиқиндилар мажбурий давлат ҳисобидан ва назоратидан ўтказилади. Радиоактив чиқиндиларнинг йўқолиши, рухсатсиз ишлатилиши ёки талон-торож қилиниши каби хавфларнинг олдини олиш мақсадида радиоактив чиқиндилар давлат реестри юритилади. Бунда уларнинг миқдори, жойлашган жойи ва ҳаракати тўғрисидаги маълумотлар тизимлаштирилади.
Таъкидланганидек, радиоактив чиқиндилар сақланадиган ва кўмиладиган объектларни жойлаштириш, лойиҳалаш, қуриш, эксплуатация қилиш ҳамда фойдаланишдан чиқаришга нисбатан қатъий хавфсизлик талаблари белгиланмоқда. Ҳужжатда радиоактив чиқиндиларни ҳосил қилган ёки уларнинг эгаси бўлган субъект томонидан улар билан хавфсиз муомалада бўлиш билан боғлиқ харажатлар қопланиши кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, радиоактив чиқиндиларни қайта ишлаш, ташиш, сақлаш, зарарсизлантириш ва кўмиш ишларини амалга оширувчи миллий оператор фаолиятининг ҳуқуқий асослари ҳам белгиланяпти.
Лойиҳанинг қабул қилиниши радиоактив чиқиндилар муомаласида давлат назоратини такомиллаштириш, инсонлар ҳаёти ва соғлиғини, мол-мулкини ҳамда атроф-муҳит муҳофазасини кучайтиришга хизмат қилади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА