Радикализм ғояларининг ёшлар онгига сингдирилишининг олдини олиш – долзарб вазифа
Ўзбекистон халқаро исломшунослик академиясида «Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши курашиш ҳамда ахборот истеъмоли маданиятини шакллантириш» ўн кунлиги лойиҳаси ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон – 2030» стратегияси тўғрисида»ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилган мазкур тадбир «Сохта салафийлик: тарихи, ғояси, белгиси, хатарлари», «Радикаллашувни олдини олишда жамиятнинг ахборот маданияти ва жамоатчилик иштирокини ошириш» ҳамда «Ёшлар радикаллашувига таъсир этувчи ижтимоий психологик омиллар» каби мавзуларда бўлиб ўтди.
Навбатдаги тадбир эса «Радикализм ғояларининг ёшлар онгига ижтимоий тармоқлар орқали сингдирилишининг олдини олиш усуллари» мавзусига бағишланди.

Ушбу ўн кунлик тадбирлардан мақсад – ёшларни радикализм, терроризм, экстремизм, сохта даъволар, ғаразли даъватлар, ахборот хуружлари, мафкуравий тазйиқлар, оммавий маданият таъсиридан ҳимоялаш, уларда ватанпарварлик, садоқат туйғуларини шакллантиришдан иборат.
Бугунги кунда ҳеч бир халқнинг миллий ва маънавий анъанаси, одатларига тўғри келмайдиган турли «урф-одатлар» кўпаймоқда. Ачинарли жиҳати шундаки, кўпчилик, хусусан айрим ёшлар унинг таъсирига тушиб қолмоқда. Бу нарса ёшларимизнинг юриш-туришида, кийинишида, ўзини тутишию бошқалар билан бўладиган суҳбатларида кўзга ташланади.
Бундай ёт ғоялар эса бизнинг миллий қадриятларимиз ва анъаналаримизга асло тўғри келмайди. Турли найранг ва хатарлардан огоҳ, сергак ва ҳушёр бўлишимиз лозим. Сўнгги пайтларда маънавиятимизга зид бўлган турли ғаразли кучлар «оммавий маданият» ниқоби остида ёшларимиз онгига таъсир ўтказишга ҳаракат қилмоқда.
Тадбирда ана шулар ҳақида сўз юритилди. Шунингдек, ёт ғоялар таъсирига тушиб қолган айрим ёшлар ҳаётга фақат бир томонлама боқадиган, енгил ҳаётга интилувчан бўлиб вояга етиши, бу эса уларда бузғунчилик, зўравонлик, фақат ўз манфаати учун ҳаракат қилиш каби иллатларнинг ривожланишига сабаб бўлиши қайд этилди.
Мутахассисларнинг «Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат ва дин муносабатларини тартибга солишнинг ҳуқуқий мезонлари», «Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши кураш ижтимоий барқарорлик омили», «Радикаллашув ва ёт ғояларга қарши курашда ахборот истеъмоли маданиятининг ўрни» ҳамда «Ёшлар радикаллашувига таъсир этувчи ижтимоий психологик омиллар» каби мавзулардаги маърузалари ёшлар учун долзарб аҳамият касб этди.
Якунда талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
Н.Усмонова, ЎзА