“Қуёш таъми” фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди
Кинематография агентлиги ва “Восток продакшн” киностудияси томонидан Ўзбекистон ва Россия киноижодкорлари ҳамкорлигида яратилган биринчи лойиҳа — “Қуёш таъми” фильмининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Бадиий кенгаш аъзолари, киношунослар, жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари учун намойиш Yulduz кинотеатрида ўтказилди.
Фильмнинг катта премьераси Ўзбекистон ёшлари кунига бағишланади.
Фильм Ўзбекистонга сафари чоғида ғаройиб саргузаштлар иштирокчисига айланган москвалик оддий оила ҳақида ҳикоя қилади. Арк хазинаси, Бухоронинг сўнгги амири Олимхоннинг олтинларига эга бўлиш учун фильм қаҳрамонлари Темур, унинг дўсти Гуля ва бобоси оғир синовлардан ўтади.
Фильмда ўзбек ва рус киноси юлдузлари: Андрей Мерзликин, Александр Ильин, Муҳаммадисо Абдулхаиров ва бошқалар суратга тушган. Бош қаҳрамон, москвалик болакай ролини томошабинларга бир қанча фильмлардан танилган Леонид Басов ижро этган. Актриса Камилла Ёқубова учун топқир ва билимдон ўзбек қизи Гули роли унинг дебюти бўлди.
Суратга олиш ишлари Москва, Бухоро, Самарқанд, Тошкент шаҳри ва вилоятида олиб борилди. Фильмда Чимён, Чорвоқ, Қизилқум чўли, Ўзбекистоннинг тарихий обидалари – Регистон, Гўри-Амир, Самарқанддаги Мирзо Улуғбек расадхонаси, Бухородаги Арк қўрғони, Минораи Калон масжиди каби жойларнинг гўзал манзаралари намойиш этилган.
-Ушбу фильм ҳамкорликда суратга олинган илк ко-продукция, Янги Ўзбекистон киносининг рамзий қалдирғочидир. 2019 йилнинг ноябрь ойида Москвада биз қўшма фильмлар яратиш бўйича бир қатор меморандумларни имзолаган эдик, “Қуёш таъми” бўлажак кинолойиҳалар ичидаги биринчи фильмдир. Картина рус тилида суратга олинган, ҳозирда ўзбек тилига дубляж қилинмоқда. Ёшлар куни байрами доирасида биз катта премьера ташкил этмоқдамиз. Бу ҳам рамзий маънога эга, чунки “Қуёш таъми” биринчи болалар ва ўсмирлар фильми бўлиб, премьераси ёзги таътил вақтида бўлиб ўтади, – дея таъкидлади фильм продюсери, Ўзбекистон кинематография агентлиги бош директори Фирдавс Абдухолиқов.
-Кинематография агентлиги билан ҳамкорлик жуда ёқимли кечди. Биз жуда ҳам хурсандмиз. Барча лойиҳалар, барча продюсерларга доимо шундай ҳамкорлар учрашини тилайман. Ўзбекистонлик ҳамкасблар бизга сўзда ҳам, амалда ҳам, молиявий томондан ҳам катта ёрдам беришди. Бу ҳақиқий ҳамкорлик, тенг ижодкорлик асосида яратилган қўшма лойиҳа. Менимча, бу фильм муваффақиятининг гаравидир, - деди "Қуёш таъми" фильмининг продюсери Александр Кессел.
ЎзА