Қурилиш йўналишида талабалар учун иш ўринлари тақдим этилди (+видео)
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни касбий фаолиятга йўналтириш ҳамда қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасига малакали кадрларни жалб этиш мақсадида Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги томонидан Тошкент архитектура-қурилиш университетида кенг қамровли меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Мазкур ташаббус аввалроқ «Вазир ва ёшлар» учрашуви давомида ТАҚУ талабалари томонидан билдирилган таклиф асосида амалга оширилди. Тадбир июнь ойи — Ёшлар ойлиги ҳамда пайшанба — Ёшлар куни доирасида ўтказилди.
– Меҳнат ярмаркасида қурилиш, архитектура, лойиҳалаш, коммунал хўжалик ва турдош соҳаларда фаолият юритаётган вазирлик тизими ташкилотлари, йирик лойиҳа институтлари ҳамда хусусий компаниялар иштирок этди, – дейди Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирининг маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси Умида Бойзоқова. – Тадбир давомида талабалар ва битирувчиларга бўш иш ўринлари, амалиёт ҳамда стажировка имкониятлари ҳақида батафсил маълумотлар тақдим этилди.
[gallery-29802]
Ярмарка доирасида ёшлар иш берувчилар билан бевосита мулоқот қилиш, ўз мутахассислиги бўйича мавжуд вакант ўринлар билан танишиш имкониятига эга бўлди. Шунингдек, иштирокчиларга келгусидаги меҳнат фаолиятини режалаштириш, амалий тажриба орттириш ва ўз йўналишига мос иш топиш бўйича зарур тавсиялар берилди.
Маълумотларга кўра, меҳнат ярмаркасида республиканинг турли ҳудудларидан 100 дан ортиқ ташкилот ва корхона иштирок этиб, жами 450 дан зиёд бўш иш ўрни таклиф қилинди.
Тадбир давомида қурилиш муҳандислиги, архитектура, лойиҳа-смета ишлари, коммунал инфратузилма ва бошқа қатор йўналишлар бўйича юқори малакали мутахассисларга эҳтиёж мавжудлиги қайд этилди.
Бундай амалий учрашувлар талабалар учун нафақат иш топиш имкониятини яратади, балки соҳанинг етакчи вакиллари билан профессионал алоқаларни мустаҳкамлаш, меҳнат бозори талабларини ўрганиш ва келажакдаги касбий фаолият йўналишини аниқ белгилаб олишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур меҳнат ярмаркаси ёшлар бандлигини ошириш, уларнинг замонавий касб ва мутахассисликлар бўйича амалий кўникмаларини ривожлантириш, шунингдек, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳаси учун малакали кадрлар захирасини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамлардан бири бўлди.
– Мен учун бу жуда муҳим ва фойдали тадбир бўлди, – дейди Тошкент архитектура-қурилиш университетининг 4 курс талабаси Нодир Раҳмонов. – Бир жойнинг ўзида кўплаб ташкилотлар ва иш берувчилар билан учрашиш имконияти яратилди. Бу, биз – талабалар учун катта имконият. Меҳнат ярмаркасида ўз йўналишим бўйича мавжуд бўш иш ўринлари билан танишдим. Шу билан бирга, амалиёт ва стажировка имкониятлари ҳақида ҳам тўлиқ маълумот олдим. Бир нечта ташкилот вакиллари билан бевосита суҳбатлашдим. Улар менга касбий ривожланиш ва ишга қабул қилиш шартлари ҳақида тушунтириш берди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/orK8_XIVZwI" title="Qurilish yo‘nalishida talabalar uchun ish o‘rinlari taqdim etildi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Шаҳноза Маматуропова, Ойбек Давронов (видео),
Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА