Қурилиш соҳасида сифат ва назорат кучайтирилмоқда (+видео)
Сўнгги йилларда юртимизда қурилиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар сифатли, хавфсиз ва шаффоф қурилиш муҳитини шакллантиришга қаратилмоқда. Навоий вилояти ҳудудий қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги назорати инспекцияси томонидан 2026 йил январь-март ойларида олиб борилган мониторинг натижалари ҳам ушбу ислоҳотларнинг амалдаги ижросига қаратилмоқда.
Ушбу давр мобайнида вилоятдаги қурилиш объектларида жами 5398 маротаба мониторинг ўтказилди. Ўрганишлар натижасида масъул ташкилот ва пудратчиларга 2381 та ёзма кўрсатма берилди.
Таҳлиллар қурилиш соҳасида ҳали ҳам бир қатор тизимли муаммолар сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Жумладан, сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиш, техник ва муаллифлик назоратининг сустлиги, шунингдек, лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатлар билан боғлиқ қонунбузилишлар энг кўп учраётган ҳолатлар сифатида қайд этилган.

Қизилтепа тумани Aлишер Навоий маҳалласи ҳудудида қурилаётган кўп қаватли турар-жой объектида ўтказилган ўрганишлар ҳам қурилиш жараёни устидан назоратнинг муҳимлигини яна бир бор тасдиқлади.

– Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида инспекция томонидан 293 та тақдимнома киритилиб, тегишли ташкилотлар зиммасига аниқ вазифалар юклатилган, – дейди инспекциянинг Қурилиш-монтаж ишлари устидан назорат бўлими бошлиғи ўринбосари Фаррух Абдуқодиров. – Шу билан бирга, назорат тадбирлари натижасида 44 та сифатсиз қурилиш-монтаж ишлари буздирилган. Бу ҳолат давлат назоратининг фақат ҳужжатлар билан чекланиб қолмаётгани, балки амалда сифатни таъминлашга хизмат қилаётганини кўрсатади. Қурилиш соҳасида масъулиятни оширишга қаратилган чоралар доирасида 105 та маъмурий жавобгарлик ҳолати ҳам қўлланилган. Бу эса пудратчи ва лойиҳа ташкилотлари учун интизом ва сифат талабларига риоя қилиш зарурлигини янада кучайтиради. Аниқланган камчиликлар шуни кўрсатмоқдаки, соҳадаги ислоҳотларнинг самараси тўлиқ таъминланиши учун техник назорат, кадрлар салоҳияти ва масъулият механизмларини янада кучайтириш талаб этилади. Чунки қурилиш сифати нафақат иқтисодий, балки аҳоли хавфсизлиги ва турмуш даражасига бевосита таъсир кўрсатади.
Албатта, олиб борилаётган назорат тадбирлари қурилиш соҳасида ислоҳотлар амалий босқичга ўтганини кўрсатади. Эндиги муҳим вазифа эса бу жараённи барқарор ва узлуксиз давом эттириш, ҳар бир қурилиш объектида сифат ва масъулиятни устувор тамойилга айлантиришдир.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/Tgm-fEyvCvI?si=zFlV3io_OwwR0Tah" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>А. Бўриев, ЎзА мухбири