Қурилиш ишлари прокуратура назоратида
Бухорода сўнгги икки йилда қурилишдаги қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан 62 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Бу соҳада коррупция ниҳоятда авж олганидан далолат беради. Сўнгги икки йилда вилоятда фақат тергов ўтказилган жиноят ишлари бўйича 8,5 миллиард сўм талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Биргина мисол, Бухоро тумани маиший хизмат ва сервис касб-ҳунар коллежи бино-иншоотлари негизида янги ҳарбий шаҳарча барпо этиш лойиҳаси бўйича “Дилшод қурилиш транс” МЧЖ мансабдорлари қурилиш-таъмирлаш ишлари бўйича амалда бажарилмаган иш ҳажмини қўшиб ёзиб, 3 миллиард сўмни талон-торож қилган.
Таҳлиллар бу соҳадаги жиноятларнинг аксарияти амалда бажарилмаган ишларнинг расмий ҳужжатларга қўшиб ёзилиши орқали содир этилганлигини кўрсатмоқда.

Масалан, 2020 йилда Шофиркон тумани марказий ичимлик сув тармоқларини реконструкция қилиш лойиҳаси бўйича “Электробурстрой” МЧЖ раҳбари Шарипов ва буюртмачи корхона масъуллари ҳақиқатда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали жами 475 миллион сўм миқдоридаги бюджет маблағларини ўзлаштирган. Қурилиш соҳасида бундай мисолларни ҳар бир туман ва идоралар кесимида келтириш мумкин.

Эндиликда “Обод қишлоқ”, “Обод маҳалла” ва бошқа дастурлар ижросини ўз вақтида, сифатли ташкил этиш, маблағларни манзилли ва самарали ишлатилишини таъминлаш, талон-торожликларни олдини олиш мақсадида прокуратура органларида “Бюджет назорати” электрон дастури ишлаб чиқилди. Ушбу дастурга барча лойиҳа бўйича ер ажратилишидан тортиб, то объект фойдаланишга топширилгунга қадар бўлган ҳар бир жараён киритилади. Натижада кунлик назорат ўрнатилади. Қурилиш ишларининг сифатли бажарилиши мутахассислар ёрдамида ўрганилади.

Давлат раҳбарининг қарорига асосан жорий йилдан бошлаб давлат дастурлари ижроси устидан назорат ўрнатишнинг янги тартиби жорий этилди. Бундан буён назорат ҳар қачонгиданда кучлироқ бўлади. Қарорга асосан Бош прокуратурада Республика штаби, вилоят ва туманларда эса прокурорлар раҳбарлигида ҳудудий штаблар ташкил этилди.
Дастурларга киритиладиган объектларни танлаб олишдан тортиб, токи фойдаланишга топширилгунига қадар бўлган жараёнлар штабларнинг, жумладан, вилоят прокурори назоратида бўлади.

Зариф Комилов,
ЎзА