Қозоғистонда 100 дан ортиқ ҳарбий объект текширилмоқда
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғи билан ташкил этилган Мудофаа вазирлиги фаолиятини комплекс текшириш комиссияси дастлабки натижаларни эълон қилди.
Таъкидланишича, текширувлар вазирлик тизимидаги 100 дан ортиқ объектни қамраб олган. Айни пайтда бюджет маблағларидан фойдаланиш самарадорлиги юзасидан аудит давом этмоқда.
Комиссия асосий эътиборни ҳарбий хизматчилар хавфсизлигини таъминлаш, хизмат ўташ учун муносиб шарт-шароитлар яратиш, озиқ-овқат ва кийим-кечак таъминоти сифати, тиббий хизмат кўрсатиш ҳамда давлат мулкининг сақланиши масалаларига қаратмоқда.
Текширувлар давомида аниқланган айрим қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан судга қадар тергов ҳаракатлари бошланган. Ҳозирда тегишли органлар томонидан 37 та иш кўриб чиқилмоқда. Тергов манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг тафсилотлари ҳозирча ошкор этилмаяпти.
Расмий маълумотда таъкидланишича, текширувлар «Қонун ва тартиб» тамойили асосида олиб борилмоқда. Уларнинг асосий мақсади мамлакат қуролли кучларининг жанговар шайлигини таъминлаш, ҳарбий интизомни мустаҳкамлаш ва тизимдаги камчиликларни бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларни ишлаб чиқишдан иборат.
Шунингдек, комиссия тавсиялари ўлкада ҳарбий ислоҳотлар режасини амалга ошириш жараёнида ҳам инобатга олинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур комиссия 2026 йил 26 сентябрда президент Қасим-Жомарт Тоқаев фармойиши билан ташкил этилган. Бу қарор Манғистау вилоятида ҳарбий машғулотлар вақтида рўй берган фожиали ҳодисадан кейин қабул қилинган. Комиссия ўз фаолиятини жорий йилнинг ноябрь ойида якунлаши режалаштирилган.
С.Раҳимов, ЎзА