Қўзиқорин етиштирувчилар кўпаймоқда
Ўрта Чирчиқ туманида қўзиқорин етиштиришни оммалаштириш, жойларда қўшимча иш ўринлари ва экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан амалий семинар ўтказилди. Унда барча туман ва шаҳарларнинг ҳокимлари, қишлоқ хўжалиги ходимлари, ҳудуд тадбиркорлари қатнашди.
Тадбирда Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Абдурасул Абдуллаев мазкур тармоқнинг сердаромадлиги, ҳар қандай шароитда ҳам етиштириш мумкинлигини таъкидлади. Иштирокчиларга бу орқали ишсиз фуқароларга ярим тайёр маҳсулотларни етказиб бериш ҳамда уларни қўзиқорин етиштиришга ўргатиш бўйича тавсиялар берилди.

Туманда фаолият юритаётган “Манниев агро кластер” МЧЖ раҳбари Рустам Миванчинов фаолиятини дастлаб икки сотихдаги иссиқхонада бошлаган бўлса, ҳозирги кунда кооперация ташкил қилган ва 9 турдаги тайёр маҳсулотларни бозорга етказиб бермоқда. Оилавий корхона ҳозирги кунда интенсив усулда қўзиқорин етиштириш билан шуғулланиб келаётган илғор тадбиркорлардан ҳисобланиб, кооперация усулида етиштираётган маҳсулотини қайта ишлаб, маҳаллий бозорларга тайёр ҳолатда етказиб бермоқда.
Тадбиркор маҳалладаги доимий даромадга эга бўлмаган ва ишсиз 30 нафар фуқарога маҳсулот тайёрлашни ўргатиб, 20 нафар қўшимча ишчи ўрнини яратди. Ҳозирги пайтда Ўрта Чирчиқ туманидаги 120 дан зиёд хонадонда кооперация усули билан қўзиқорин етиштириб, қайта ишлашни йўлга қўйди.
– Маҳаллалардаги ишсизларга ўсимлик уруғини бепулга тарқатиб, тайёр ҳолатга келганидан сўнг, бозор нархида сотиб оламиз, – дейди тадбиркор. – Бундан ташқари, корхонамизда яна 20 та иш ўрни ҳам яратилган. Биз ишлаб чиқараётган 10 турдан ортиқ озиқ-овқат маҳсулотларига ҳозирги кунда нафақат маҳаллий бозорларда, балки қўшни давлатларда ҳам талаб ортмоқда.
Семинар қатнашчилари хонадонларга кириб, жараёнлар билан танишди. Суҳбат давомида ҳокимлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.
А.Мусаев, ЎзА мухбири