Кўҳна тарих сирлари
Қашқадарё вилояти Қамаши туманига қарашли Манғит қишлоғи атрофида қадимий тепалик бор. Мутахассислар ушбу жойни тарихий Қўзи Мундоқ шаҳри дея ишора қилишмоқда.
Хўш, Қўзи Мундок кенти ҳақида бугунги кунда нималар маълум?
Хусусан, Шарофуддин Али Яздийнинг “Зафарнома” асарида иккита жойда Қўзи Мундоқ номи қайд этилган.
[gallery-26137]
Асарда буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг иттифоқчиси Амир Ҳусайн билан ўртасида низо чиққани ва охир- оқибат жанг қилишга мажбур бўлганлиги ҳақидаги маълумотлар келтирилган. “Ҳазрат соҳибқирон Мовароуннаҳр сори бориб, Ҳусайнбек черикини сиққони” бўлимида шундай жумлалар бор: “...Ҳазрат билдиким, бозургон моли турур, буюрдиким эйалариға берсунлар, ва ҳеч бир андин тасарруф қилмади. Ва қароунас элидин беш минг киши Қўзи Мундоқда ўлтуруб эрдилар. Ва Сулаймонбек Йасурий аларға қотилиб ва Барот Хожа ва Ҳиндушоҳ тақи чериклари билан аларга қўшулдилар. Атоичук ва Кўдаҳ Хузордин ўтиб бориб аларға қўшулдилар...”.
Яна шу асарнинг “Соҳибқирон Жайҳун суйидин ўтконда хотунлари била ўғлонлари келгони” номли бўлимида (220-бет), яъни унда Соҳибқироннинг Ҳиндистон юришидан ғалаба билан ўз юртига қайтгани тасвирланган бўлиб, айни шу манзилда тўхтаб ўтгани акс эттирилган. Жумладан, унда шундай дейилади: “...Панжшанба куни (02.04.1399) қалъадин утуб, Оби Борйакда тушти, жума куни (03.04.1399) Чекдаликда тушди. Шанба куни (04.04.1399) Қўзи Мундоқда келиб тушти, ва йакшанба куни (05.04.1399) Дилбарчинға еттилар. Ва бу манзилда шоҳзода Шоҳрух Ҳиротдин келиб атосининг муборак дийдоридин кўзини равшан қилди...”.
Кўринадики, Қўзи Мундоқ шаҳарчаси ўз даврининг обод ва ривожланган кентларидан бири бўлган.
Мирзо Улуғбекнинг “Тўрт улус тарихи” асарида ҳам Турон заминнинг 18-хони Тармаширхон ибн Дуво Чечанхон зикрида (317-бет) шундай жумлалар келтирилган: “...Укасининг ўғли Пурон ибн Дувор Темурхон нафис ислом кийимда бўлмай, ҳануз ширк ва залолатда бўлган одамлар билан Ҳабадан лашкар тортиб, туркларнинг луй йилига мувофиқ санайи 718-йилда Кеши дилкаш ноҳиясидаги Қўзи Мундокда Тармаширхонни шаҳодат даражасига етказди. Уни Самарқанд қаряларидан бирида дафн этдилар, унга Тангрининг раҳмати бўлсин”.
Шаҳарча нафақат темурийлар даврида, балки ундан ҳам олдинги замонларда ҳам муҳим стратегик макон бўлиб хизмат қилганини келтирилган манбалар исботлаб турибди.
Атрофи паст тепаликлар, ўртада эса баланд тўрт бурчак шаклидаги тепалик жойлашган. Ҳудуд аҳолиси уни “қўрғон” деб атайди. Қўрғоннинг устига чиқсангиз, тўрт томон кафтдек кўринади.
Шу ҳудудда яшовчи фахрий педагог Ғулом Фармонов бу тепалик ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилади.
– Биз турган ҳудуд маҳаллий аҳоли томонидан Қўрғон деб аталади ва жуда тарихий манзил, – дейди Ғ.Фармонов. – Бу жой тарихий Қўзи Мундоқ мавзесининг ўрни ҳисобланади. У ҳақида “Зафарнома"да, “Тўрт улус тарихи” асарларида маълумотлар учрайди. Бўрибой Аҳмедовнинг “Амир Темур” китобида ҳам тўхталиб ўтилган. Улардаги тарихий манзиллар ва масофаларни таҳлил қилиб кўрилса, Қўзи Мундоқ шаҳри айни шу ерга тўғри келади. Бу шаҳарчанинг атрофида икки қатлам тепаликлар жойлашган ва улар бугунги кунда ҳам сақланиб қолган. Масалан, Қизилтепа, Қоровултепа, Номсизтепа каби тепаликлар биринчи қатламда. Бобуртепа, Қўштамғалитепа, Қассобтепа, Оқтепа, Савсантепа, Умуртепа, Илонтепа кабилар иккинчи қатламда жойлашган. Қизиқиб уларнинг харитасини ҳам чизиб чиққанман. Лекин бугунги кунга қадар ҳамон ўрганилмасдан, рўйхатга олинмасдан келмоқда. Натижада бу тарихий тепаликка аҳоли томонидан зиён етказилмоқда. Тепаликдан 500-600 метр узоқликда қадимий зиндон ҳам бор эди. Афсуски, бугунги кунга келиб уни ҳам бузиб устига уй қуриб юборишди.
Ҳақиқатда “Қўрғон”нинг атрофига одамлар қурган уйлар анчагина яқин келиб қолган. Ҳатто қўрғоннинг устида ҳам пойдевор қуриш учун чизиқлар тортилган, хайриятки, кимдир қайтарган бўлса керак, қуришга жазм қилмабди.
Тепаликни устида айланар эканмиз, кўплаб сопол парчалари, ҳатто тарихий пишган ғишт бўлакларини учратиш мумкин. Уларни суратга олиб, археолог дўстларимизга ташлаб бердик ва фикрлари билан қизиқдик.
– Манғит қишлоғидан топилган сирланган сопол буюмларга таъриф берадиган бўлсак, оч мовий ранг билан сирланган сопол буюмлар юртимиз ҳудудларида 13-асрнинг бошларида яъни муғуллар босқини арафасида урфга кирган, – дейди Самарқанд археология институти илмий ходими Дилмурод Омонов. – Хоразмшоҳлар давлатининг сўнгги даврларида мана шундай сопол буюмлар кенг тарқалган. Бундан ташқари, ёдгорликнинг юзасида темурийлар даврига оид кўплаб сопол буюмлар учрайди. Уларнинг ўзига хослиги ҳақида айтадиган бўлсак, оқ фон устига горизонтал тарзда турли хил чизиқлар билан безак бериш асосан темурийлар даврида бошланган. Бундан ташқари, ўша чизиқларни ҳосил қилишда қора рангли сиёҳдан фойдаланиш ҳам кўпроқ темурийлар даврига хос. Пишган ғиштлар ҳақида фикр билдирадиган бўлсак, аслида сомонийлар давридан бошлаб бу каби ғиштлар тайёрлаш бошланган. Биз уларнинг ҳажмига қараб даврини аниқлаймиз. Бу ёдгорликдан топилган ғиштлар ҳам юзаси 20х20, қалинлиги эса 5 сантеметрни ташкил қилади ва бу сомонийлар даврига хос бўлган пишган ғиштлар стандартига тўғри келади.
Бизга ҳамроҳлик қилган Ғулом аканинг таъкидлашича, шаҳарча анчагина катта майдонни эгаллаган. Қўрғоннинг атрофи шаҳарча бўлиб, у ерда катта бозор (ўша ерда аҳоли тилида “Пионерка” бозори деб аталувчи бозор ҳозир ҳам фаолият юритади), ҳунармандчилик устахоналари, карвонсаройлар ҳам бўлган. Шаҳарча ўртасидан қўл кучи билан кавланган, аҳоли тилида “Хон ариқ” деб номланган ариқ ҳам ўтган ва у яқин йилларгача сақланиб қолган. Аммо собиқ совит даврида ҳаммаси текисланиб, ўрнида қишлоқ хўжалик экинлари етиштирила бошлаган. Чорвачилик фермахонаси қурилган. Биттагина зиёратгоҳ бузилмай қолган. Айтишларича, у ерда ўз даврининг улуғ авлиёларидан бири дафн этилган.
Ушбу зиёратгоҳни ҳам бориб кўрдик. У ерда махсус панжара билан ўралган иккита қабрни кўриш мумкин. Қабртошдаги ёзувни мутахассисларга ўқитганимизда қуйидагича маълумот олдик. Мутахассисларга кўра, қабр тошига “Амир Одилбек, амир Муаззамнинг ўғли амир Барот Хожа ота, Амир Аъзам... 830/1427 йил Август-Сентябр” деб ёзилган. Афтидан, бу инсон ҳам темурийлар даврида хўжалар авлодидан бўлган нуфузли инсонлардан бири бўлган. Бундан ташқари, у амирлик мақомида тавсифланган. Иккинчи қабрдаги тош эса ноъмалум сабабларга кўра йўқолган. Ҳудуд аҳолиси бу ерни “Кўктош ота” зиёратгоҳи деб атайди.
Тарихий Қўзи Мундоқ кенти ҳақида аниқлаганларимиз шулар бўлди. Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу жой ҳақиқатда ўзида тарихнинг муҳим сир-асрорларини жамлаган. Уни асраб авайлаш, ўрганиш, тадқиқ этиш, келажак авлодга етказиш сизу бизнинг бурчимиздир. Аммо ушбу манзил ҳали- ҳамон рўйхатга олинмаганига ҳайрон қолдик. Ўйлаймизки, соҳага алоқадор масъуллар ушбу тепаликни тез орада муҳофазага олишади ва археологик тадқиқотлар ўтказилади. Тарихий Қўзи Мундоқ мақоми қайта тикланади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари