Самарқанд вилоятининг Қўшработ туманида хитойлик инвестор билан ҳамкорликда ташкил этилган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “SI TONG STONE” хорижий корхонаси фаолият бошлади.
– Мазкур лойиҳани амалга ошириш бўйича дастлабки келишувга 2024 йил январь ойида давлатимиз раҳбарининг Хитой Халқ Республикасига ташрифи чоғида эришилганди, – дейди Қўшработ тумани ҳокими ўринбосари Шоҳжаҳон Ҳайдаров. – Шу асосида 10 гектар ер майдони ажратилиб, август ойида завод қурилиши бошланди. Орадан бир йил ўтиб корхона фаолиятини бошлади. Лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион АҚШ доллари бўлиб, уч босқичда амалга оширилмоқда. Биринчи босқичда гранит тошдан турли хил ўлчамдаги плиткалар ва деворбоп материаллар ишлаб чиқарилмоқда. Кейинги босқичларда гранит тош қолдиқларини қайта ишлаш ва ундан замонавий қурилиш маҳсулотлари тайёрлаш кўзда тутилган.


Маълумотларга кўра, корхона маҳсулотлари ички бозордан ташқари экспортга йўналтирилади ва ҳозирданоқ Россия ва Қозоғистонга гранит тошлар етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланган. Умуман, завод йилига 10 миллион долларлик экспортни амалга ошириш ва бюджетга 13,2 миллиард қўшимча тушум таъминлаш имкониятига эга.
– Биз Қўшработга келиб ўрганганимизда бу ерда жуда катта гранит тош захиралари борлигига гувоҳ бўлдик ва бу ушбу корхонани ташкил этишимизга асос бўлди, – дейди “SI TONG STONE” хорижий корхонаси раҳбари Лиан Хулинг. – Бир йил давомида бино ва иншоотларни қуриб, ўзимизда ишлаб чиқарилган замонавий технологияларни келтириб ўрнатдик. Ҳозир корхонада 100 га яқин иш ўрни яратилган бўлса, кейинчалик иш ўринлари сони 500 тагача етади. Завод йилига 2,2 миллион квадрат гранит тошни қайта ишлаш қувватига эга.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА мухбири