Қўшни давлатдан олиб келинган 24 кг.дан ортиқ наркотик модда тўхтатиб қолинди
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Ички ишлар ва Божхона идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида қўшни давлатдан контрабанда йўли билан олиб келинган катта миқдордаги наркотик модда тўхтатиб қолинди.
Хусусан, олдиндан кузатувга олинган, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1973 й.т., муқаддам наркожиноят содир этганлиги учун судланган шахс ўзининг қирғизистонлик танишлари томонидан Хўжаобод туманидаги хуфия жойга яшириб кетилган 24 кг 475 гр “гашиш” моддасини қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси (контрабанда) 2-қисми ҳамда 25,273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) 5-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари доирасида уни жиноий шерикларининг шахсига аниқлик киритилмоқда.
Ҳурматли фуқаролар, кундалик ҳаётда шу каби қонунбузилиш ҳолатларига дуч келсангиз ДХХнинг 1520 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб, хабар беринг. Шахсингизнинг сир сақланиши кафолатланади.