Қорақалпоғистонлик талабалар халқаро фан олимпиадасида юқори натижаларга эришди
Жорий йилнинг 23 – 28-март кунлари Туркманистон Республикасининг Ашхобод шаҳрида математика бўйича VI Open Mathematical Olympiad for University Students – OMOUS-2026 халқаро фан олимпиадаси бўлиб ўтди.
Унда Туркманистоннинг етакчи олий таълим муассасалари билан бирга Ўзбекистон, Россия, Германия, Греция, Эрон, Венгрия, Нидерландия, Тожикистон ва Бирлашган Араб Амирликлари каби давлатлардан жами 87 та жамоа иштирок этиб, ўз имкониятларини синовдан ўтказди.
Халқаро фан олимпиадасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ҳамда Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти жамоалари иштирок этиб, юқори натижаларга эришди.

Хусусан, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети Математика факультети талабаси Индира Сатниязова юксак билим ва салоҳиятини намоён этиб, кумуш медалга сазовор бўлди. Унинг жамоадошлари Дамир Дилмуратов, Сункат Максатов, Файзулла Махамбеталиев, Икром Жумабоев, Акмал Алламбергенов, Айдос Ўсербоев, Равшаной Йўлдошева, Иляс Женгисбоев, Ҳурлиман Қўйлибоева эса бронза медаллари билан тақдирланди.

Бундан ташқари, университетнинг икки жамоаси жамоавий ҳисобда ҳам юқори натижага эришиб, бронза медалини қўлга киритди. Нукус давлат педагогика институти математика ва информатика таълим йўналишининг 4-курс талабалари Баҳрам Аллакуатов, Исметулла Науризбаев, Умида Махсутова, шунингдек, математика таълим йўналишининг 2-курс талабаси Сайипбек Нуратдинов яккалик мусобақаларда 3-ўринни эгаллаб, ҳар бири бронза медалига сазовор бўлди.
Албатта, бу ютуқ олий ўқув юртларида математика бўйича халқаро даражада қўлга киритилаётган юқори кўрсаткичлардан бири бўлди. Маълумот учун, OMOUS халқаро очиқ фан олимпиадаси иқтидорли талабаларни аниқлаш, уларнинг мантиқий ва таҳлилий фикрлашини ривожлантириш, шунингдек, математика бўйича халқаро миқёсда ҳамкорликни кучайтириш мақсадида ташкил этилди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири