Қорақалпоғистон Республикасида ғалла топшириш режаси бажарилди
Қорақалпоғистон Республикасида 2026 йил ҳосили учун 2 минг 91 фермер хўжалиги томонидан 53 минг гектар майдонда бошоқли дон етиштирилди.
Жорий йил ҳосили учун давлатга 124 минг 874 тонна ғалла топшириш режаси белгиланган бўлиб, фермер ва деҳқонларнинг фидокорона меҳнати натижасида 124 минг 900 тонна ғалла топширилиб, белгиланган режа тўлиқ бажарилди.
Бу натижа давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, фермерларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва замонавий агротехнологияларни кенг жорий этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг амалий натижасидир.

Эришилган ютуқда ғаллакор фермерларнинг машаққатли меҳнати, агрономлар, механизаторлар, соҳа мутахассислари ҳамда йиғим-терим жараёнида фаол иштирок этган барча ходимларнинг муносиб ҳиссаси бор.
—Жорий йил ҳосили учун давлатга ғалла топшириш режасини муваффақиятли бажарилди, — дейди Нукус тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари - қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Баҳадир Нурабуллаев. — Туманимиз деҳқон ва фермерлари бу йил ҳам мўл ҳосил олиб, тузилган шартномага мувофиқ белгиланган 12 минг 963 тоннадан ортиқ ғалла топшириб, жорий йилнинг 27 июнь куни режани 100,2 фоизга бажарди.
Ҳозирги вақтда Оролбўйи туманларида дон қабул қилиш корхоналарига ғалла топшириш давом этмоқда.
Довуд Абибуллаев,
ЎзА мухбири