Қоракўлда бунёдкорликнинг янги нафаси
Юрт тараққиётини кўз билан кўриш, янгиланишлар шоҳиди бўлиш ва бу эзгу ўзгаришларга муносиб баҳо бериш — инсон қалбида, айниқса, ҳаётнинг катта тажрибасини орттирган нуронийларда алоҳида таассурот уйғотади.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллик шодиёналари арафасида юртимизда эзгу анъана ва қадриятларни янада мустаҳкамлаш, нуронийларнинг жамият ҳаётидаги фаоллигини ошириш, уларнинг бой ҳаётий тажрибасидан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ана шу эзгу мақсадлар доирасида Ромитан туманидаги фаол нуронийлардан иборат гуруҳ Қоракўл туманига ташриф буюриб, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ва янгиланиш ишлари билан яқиндан танишди.

Ташрифнинг илк манзили “Янги Ўзбекистон” массиви бўлди.
Бугун Қоракўл туманида қад ростлаётган “Янги Ўзбекистон” массиви ҳудуднинг замонавий қиёфасини белгилаб бераётган йирик бунёдкорлик лойиҳаларидан бирига айланмоқда.
Умумий 26 гектар майдонни қамраб олган массивда аҳоли учун замонавий, шинам ва барча қулайликларга эга уй-жойлар барпо этилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи доирасида 440 та хонадондан иборат 22 та кўп қаватли уй-жой фойдаланишга топширилиб, юзлаб оилалар учун янги ва муносиб яшаш шароити яратилди.
Бу ердаги ўзгаришларни кузатар экан, нуронийлар оддий бинолар эмас, балки одамлар тақдири, оилалар фаровонлиги ва келажак авлодлар ҳаёти учун яратилаётган янги маскан шаклланаётганига гувоҳ бўлди.

Қоракўлдаги янгиланишлар бир кунлик ёки бир йиллик жараён эмас. Бу — изчил давом этаётган, аниқ режа ва истиқболли мақсадларга асосланган бунёдкорлик жараёни.
2026 йилнинг биринчи ярим йиллигида 48 хонадонга мўлжалланган 2 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди. Йил якунига қадар эса “Янги Ўзбекистон” массивида 60 хонадонли яна 3 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган.
Қурилиш жараёнларининг жадал давом этаётгани ҳудудда аҳоли учун замонавий уй-жойларга бўлган эҳтиёжни қондириш, одамларнинг муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шарт-шароитларни янада кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
Массивнинг ўзига хос жиҳати шундаки, бу ерда фақат кўп қаватли уйлар эмас, балки аҳолининг кундалик эҳтиёжларини таъминлайдиган яхлит ижтимоий инфратузилма ҳам шакллантирилмоқда. Хусусан, мактабгача таълим ташкилоти, оилавий шифокорлик пункти ва умумтаълим мактаби каби ижтимоий объектларнинг мавжудлиги аҳолига таълим ва тиббий хизматлардан ўз яшаш ҳудудининг ўзида фойдаланиш имконини бермоқда.
Зеро, замонавий уй-жой деганда фақат шинам хонадон эмас, балки болалар таълими, оила саломатлиги, хавфсизлик, ободлик ва инсон учун зарур бўлган барча қулайликлар уйғунлашган муҳит тушунилади. Шу маънода “Янги Ўзбекистон” массивида шаклланаётган инфратузилма “инсон қадри учун” деган эзгу тамойилнинг ҳаётдаги амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.
Ташриф давомида ромитанлик нуронийлар кўп қаватли уй-жойлар, ижтимоий объектлар ва ҳудудни ободонлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишди.

Улар яратилган шароитларни кўздан кечириб, бунёдкорлик ишларига юқори баҳо берди. Айниқса, янги уй-жойлар билан бир қаторда ижтимоий объектларнинг ҳам барпо этилаётгани, ҳудуднинг обод ва замонавий қиёфага кириб бораётгани нуронийларда катта таассурот қолдирди. Бундай ташрифларнинг аҳамияти ҳам шунда — нуронийлар мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларни ўз кўзлари билан кўриб, уларнинг моҳиятини кенг жамоатчиликка етказишда фаол иштирок этади.
Ромитан ва Қоракўл туманлари вакиллари ўртасидаги бундай учрашувлар фақатгина бунёдкорлик объектларини томоша қилиш билан чекланиб қолмайди. Улар замирида ўзаро тажриба алмашиш, яхши ташаббусларни оммалаштириш, нуронийлар ва ёшлар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар мужассам. Зеро, нуронийлар — кечаги куннинг тажрибаси, бугунинг маънавий таянчи ва эртанги кунга йўл кўрсатувчи ҳаёт мактабидир.

Уларнинг дуоси, маслаҳати ва ҳаётий тажрибаси ёшлар учун катта маънавий бойлик саналади. Ёшлар эса ўз ғайрати, ташаббуси ва янгиликка интилиши билан юрт тараққиётига муносиб ҳисса қўшмоқда. Шу жиҳатдан қараганда, икки туман нуронийлари ўртасидаги бу каби мулоқотлар авлодлар давомийлиги ва ҳудудлараро ҳамжиҳатликнинг ёрқин намунасидир.

Бугун юртимизнинг турли ҳудудларида қад ростлаётган замонавий массивлар, янги уй-жойлар, мактаб ва тиббиёт муассасалари, обод кўчалар ва қулай инфратузилма объектлари мамлакатимиздаги улкан янгиланишларнинг амалий натижасидир.
Ромитанлик нуронийларнинг Қоракўл туманига ташрифи улар учун нафақат янги манзиллар билан танишув, балки юртимизда кечаётган улкан ўзгаришларни ҳис этиш имкони ҳам бўлди.
Ташриф иштирокчилари Қоракўлдаги бунёдкорлик ишлари мисолида халқимиз меҳнати, давлатимиз эътибори ва эзгу мақсадлар уйғунлашганда қандай улкан натижаларга эришиш мумкинлигининг яна бир бор гувоҳи бўлишди.

Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида амалга оширилаётган бундай хайрли ишлар халқимизни ягона мақсад — Янги Ўзбекистонни биргаликда барпо этиш, маҳаллаларни обод, хонадонларни файзли, аҳоли турмушини янада фаровон қилиш ғояси атрофида бирлаштирмоқда.
Зеро, обод ҳудуд — фаровон ҳаётнинг, замонавий уй-жой — инсон қадрининг, нуронийлар дуоси эса эзгу ишлар баракасининг рамзидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири