Қонунга зид реклама учун блогерга чора кўрилди
Алкоголли ичимликларни реклама қилиш қонунчилик билан қатъий тартибга солинган бўлиб, айрим турдаги маҳсулотларни оммалаштиришга тўлиқ тақиқ қўйилган.
Шунга қарамасдан, ижтимоий тармоқларда бундай қонунбузилиш ҳолатлари учраб турибди.
Рақобат қўмитаси томонидан ижтимоий тармоқларда жойлаштирилаётган реклама материалларининг «Реклама тўғрисида»ги қонунчилик талабларига мувофиқлиги юзасидан тизимли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлар давомида блогер Н.Собировнинг ижтимоий тармоқдаги @nurbek_sobiroff саҳифасида алкоголли ичимликлар рекламаси жойлаштирилгани аниқланди.
Ўзбекистон Республикасининг «Реклама тўғрисида»ги қонунининг 38-моддасига мувофиқ, ҳар қандай қувватдаги алкоголли ичимликларнинг рекламаси тақиқланган. Фақат пиво, табиий ва кўпикланадиган виноларни қонунчиликда белгиланган вақт, шакл ва аудиторияга оид чекловларга риоя қилинган ҳолда реклама қилинишига рухсат берилади.
Шунингдек, ижтимоий тармоқларда алкоголли ичимликлар рекламасини ҳар қандай шаклда тарқатиш ҳам тақиқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Рақобат қўмитаси томонидан қонунчиликда рекламаси тақиқланган маҳсулотни реклама қилгани учун блогер Н.Собиров маъмурий жавобгарликка тортилди ҳамда тегишли ҳужжатлар кўриб чиқиш учун судга юборилди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА