Қўмондон ва ёшлар учрашуви (+видео)
Ёшлар куни муносабати билан “Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондонининг олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси қўмондони, генерал-полковник Баҳодир Тошматов, Ёшлар ишлари агентлиги директори, сенатор Алишер Саъдуллаев, олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Ўктам Саломов ҳамда меҳрибонлик муассасалари ва оилавий болалар уйларида тарбияланган, ҳозирда олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар иштирок этди.
Учрашув аввалида Миллий гвардия томонидан ёшлар билан амалга оширилаётган ишлар акс этган қисқа видеоролик намойиш этилди.
Мутасаддилар мамлакатимизда ёшлар учун кенг имконият ва шарт-шароитлар яратилаётганини таъкидлади. Айниқса, бугунги кунда ёшларнинг IT соҳаси ва сунъий интеллект йўналишларини чуқур ўзлаштириши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиши муҳим экани қайд этилди.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳамда Миллий гвардия тавсияси асосида бугунги кунда 1433 нафар ёш Давлат комиссияси қарорига мувофиқ имтиёз асосида талабаликка тавсия этилган. Мазкур учрашув ҳам ана шу эзгу ишлар изчил давом этаётганининг амалий ифодасидир.
Тадбирнинг энг муҳим қисми раҳбарлар ва ёшлар ўртасидаги очиқ мулоқот бўлди. Ёшлар ўз таклиф ва ташаббусларини эркин баён этар экан, уларнинг фикрларидаги теран мушоҳада, билим ва кенг дунёқараш раҳбарларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, 10 нафар ёшнинг мурожаатлари ва мазмунли саволлари Янги Ўзбекистон ёшлари ҳар томонлама иқтидорли ва салоҳиятли эканини яна бир бор намоён этди.
Шунингдек, Миллий гвардия сафларида амалиёт ўташ ва келгусида гвардиячи бўлиш истагини билдирган ёшларнинг мурожаатлари жойида кўриб чиқилиб, тегишли тавсиялар берилди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QDSNOD1jIzk" title="Qo‘mondon va yoshlar uchrashuvi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова,
С.Обиджонов (монтаж), ЎзА