Қўмиталар фаолиятига қандай баҳо берилди?
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида бир қатор қўмиталарнинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.
Хусусан, Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитаси раиси Ваҳобжон Муратқобилов қўмитанинг 2021 йилдаги фаолияти юзасидан ахборот берар экан, қўмита қонун ижодкорлиги фаолияти йўналишида 13 та қонун лойиҳаси учун масъул бўлганини қайд этди.
Парламент назорати доирасида жойлардаги тизимли муаммоларни ҳал этишга, шунингдек, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари зиммасидаги муҳим масалаларнинг ўз вақтида ижро этилиши ҳолатини ўрганишга ҳамда ўрганиш якунлари бўйича маъсулларнинг ахборотини қўмита йиғилишларида эшитиб боришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳисобот даврида қўмита томонидан назорат-таҳлил фаолияти доирасида 18 та тадбир ўтказилди. Шундан 16 таси давлат ва хўжалик бошқаруви органлари раҳбарларининг ахборотини эшитишга, 2 таси қонун ва қонуности ҳужжатларини ижросини ўрганиш, 2 таси Қонунчилик палатаси қарорлари, 6 таси эса қўмита қарорлари ижросига доир масалаларга тааллуқлидир.
Ўтган даврда қўмита номига келиб тушган жами 1054 та мурожаатнинг 814 тасига ижобий ечим топилди.
Шунингдек, мажлисда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитасининг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳам эшитилди.
Таъкидланганидек, қўмита ўтган даврда қонун ижодкорлиги йўналишида 7 та қонун лойиҳасига масъул бўлиб, уларнинг барчаси қабул қилинди. Шунингдек, ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш, давлат тилининг ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида қўлланилишини таъминлаш, уни ривожлантириш ҳамда оммалаштириш борасидаги масалаларнинг ҳуқуқий асосларини яратишга қаратилган 1 та янги таҳрирдаги қонун устида иш олиб борилди.
Парламент назоратининг муҳим йўналишларидан бири назорат таҳлил тартибида жойларда соҳага оид қўмита томонидан қонунлар ва қонуности ҳужжатлар ижросини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ўрганиш якунлари бўйича давлат ва бошқарув органлари мансабдор шахсларининг ахборотини эшитишга алоҳида эътибор қаратилди. Долзарб масалалар юзасидан 31та депутатлик сўрови юборилди. Шунингдек, қўмитанинг мурожаатлар билан ишлаш борасидаги фаолиятига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мажлисда Қонунчилик палатасининг Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси фаолияти сарҳисоби ҳам тингланди. Қўмитанинг 2021 йилдаги фаолияти тўғрисида қўмита раиси ўринбосари Қодир Жўраев ахборот берди.
Таъкидланганидек, ўтган даврда қўмита масъуллигида 10 та қонун лойиҳаси маромига етказилиб, қабул қилинди. Назорат-таҳлил йўналишида бир қатор тадбирлар ташкил этилди. 12 да давлат ҳокимияти органлари вакилларининг ахборотлари эшитилган. Хусусан, Ташқи ишлар вазирлигининг фуқаролар мурожаатлари бўйича ахбороти тингланди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА