“Қизилқум” юқорилашда давом этмоқда
Навоий шаҳридаги “Ёшлик” ўйингоҳида Суперлиганинг навбатдаги турида “Қизилқум” “Бунёдкор” жамоасини қабул қилди.
Жорий мавсумда навоийликлар лигада юқори ўринлардан бирини эгаллаб, медаллардан бирига даъвогарлик қилиш учун ҳаракат қилмоқда. Улар ўтган ўйинда 6-турнинг қолдирилган учрашувида меҳмонда Олмалиқнинг “АГМК” жамоасини мағлубиятга учратган бўлса, бу сафар ўз майдонида “Бунёдкор”га ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Ўйиннинг 19-дақиқасида мезбонлар ўйинчиси Эркин Бойдуллаев томонидан бурчакдан тепилган тўп ҳеч кимга тегмасдан Ягудин қўриқлаётган дарвозадан жой олди – 1:0. Бу унинг Суперлигадаги сўнгги 3-ўйинда 3-голидир.
Учрашувнинг 38-дақиқасига келиб эса ҳисоб яна ўзгарди. Бу сафар “Қизилқум” ҳужумчиси Элгужа Григалашвили томонидан етказиб берилган тўпни Мате Ватсадзе меҳмонлар дарвозасига жойлаб қўйди ва 2:0 ҳисоби биринчи бўлим якунига қадар ўзгармади.
Иккинчи бўлимда эса меҳмонлар мураббийи томонидан 46-дақиқада Лутфулла Тўраев ва Давронжон Эргашев ўрнига Санжар Рашидов ва Сухроб Иззатов, 66-дақиқада эса Улуғбек Абдуллаев ўрнига Муҳаммадодил Қаҳрамонов майдонга туширилган бўлса, мезбонлар таркибида 64-дақиқадан Файзулло Қамбаров ўрнига Шерали Жўраев ва 79-дақиқадан Жасур Азимов ўрнига Беҳруз Саъдуллоев ўйинни давом эттирди.
Бу ўзгаришлар эса фақат меҳмонларга фойда келдирди. Учрашувнинг 77-дақиқасида Миржаҳон Мираҳмадов мезбонлар дарвозасига тўп йўллаб у ҳисобни биттага қисқартирди. Бу ҳисоб эса ўйин сўнггига қадар сақланиб қолди.
Натижада, ҳозирча “Қизилқум” 17 очко билан 4-ўринга кўтарилиб олган бўлса, “Бунёдкор” 15 очко билан 8-ўриндан жой олди.
Абдували Бўриев, ЎзА