“Қизилқум” ўз майдонида очко йўқотди
Навоий шаҳридаги “Ёшлик” ўйингоҳида Суперлиганинг 3-туридан ўрин олган “Қизилқум” – “Сўғдиёна” учрашуви бўлиб ўтди.
Ҳар иккала жамоа ўйинчилари бўлимни ҳужумкорлик билан бошлади. “Қизилқум”нинг илк ҳужуми чап қанотдан ташкил этилди. Григалашвилининг рақиб жарима майдончасига узатиб берган тўпини меҳмонлар дарвозабони эгаллаб олди. Меҳмонлар ўйинчиси Шаҳбоз Жўрабековнинг ерлатиб берган зарбаси, шунингдек, кейинчалик Жавоҳир Қаҳрамоновнинг узоқ масофадан йўллаган кучли ва аниқ зарбасини Нестеров бартараф этди.
Бўлим давомида мезбонлардан Элгужа Григалашвили, Ойбек Қиличев, Мате Ватсадзе ва Салим Мустафоевнинг хавфли ҳужумларини гоҳ дарвазабон бартараф этган бўлса, гоҳ берилган зарбаларни ҳимоячилар майдондан чиқариб юборишга эришди.
Меҳмонлардан эса Шохруз Норхонов ва Жамшид Болтабоев мезбонлар дарвозабони Игнатий Нестеровни тез-тез асабийлашишга мажбур қилди.
Иккинчи бўлимда ҳам жамоалар ҳужумкор ўйин намойиш қилди. Аммо ҳисобни очиш меҳмонларга насиб этди. Ўйиннинг 53-дақиқасига келиб Ислом Тўхтахўжаевнинг хатосидан кейин Жамшид Болтабоев ўнг қанотдан олдинга ўтиб, тўпни жарима майдонига узатди. Норхонов ўтказиб юборган тўпни эса Искандар Шайкулов дарвозага йўллади.
Ўтказиб юборилган голдан кейин мезбонлар ҳужумга ўтди. Бу эса 71 дақиқада ўз самарасини берди. Салим Мустафоев гол муаллифига айланди. Ҳисоб 1:1.
Ўйиннинг қолган қисмида ҳар иккала жамоада ҳисобни ошириш имконияти пайдо бўлди, аммо дарвозабонлар бунга йўл қўймади. Натижада, 1:1 ҳисоби ўйин охирига қадар сақланиб қолди. Дуррангдан кейин “Қизилқум” очколар сонини 5 тага етказган бўлса, меҳмонлар ўз очколарини 7 тага етказган ҳолда Жиззахга қайтадиган бўлди.
Абдували Бўриев, ЎзА