Қитъада тенгсиз пара велоспортчиларимиз тантанали кутиб олинди
Аввал хабар берганимиздек, Филиппинда пара велоспортнинг трек йўналиши бўйича ўтган Осиё чемпионатида қитъамизнинг 11 давлатидан қарийб 80 нафар спортчи иштирок этди ва унда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 12 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза, жами 29 та медални қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Ушбу муваффақиятга эришган матонатли спортчиларимиз Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида Ўзбекистон Миллий паралимпия қўмитаси мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик томонидан тантанали кутиб олинди.

Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, мазкур мусобақада Рухшона Ёқуббоева ҳамда Камола Нуриллаева 6 тадан, Азимбек Абдуллаев 3 та олтин медални қўлга киритди. Шунингдек, Нурдаулет Мирзабаев 5, Жавлонбек Абдуллажонов ва Аброр Ибрайимов 2 тадан, Боймурод Явқочев битта кумуш, Аброр Ибрагимов 3, Азимбек Абдуллаев ва Жавлонбек Абдуллажонов эса 2 тадан бронза медалига эга чиқди.


— Мазкур ғалабаларимиз замирида мамлакатимизда паралимпиячиларга спортнинг исталган тури бўйича шуғулланиш учун яратиб берилаётган кенг имкониятлар ётибди, — дейди Рухшона Ёқуббоева. — Чемпионат давомидаги C3, гит, чиқариб юбориш, спринт, скретч ва вақт пойгаларида мураббийларимнинг тўғри кўрсатмалари, ғалабага бўлган интилишим сабаб ғалаба қозондим. Келгусида бунданда катта марраларни забт этишга бор куч-ғайратим билан ҳаракат қиламан.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА