Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш: 157 та маҳаллада инклюзив режалаштириш бўйича тренинглар ўтказилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 28 мартдаги “Ислом тараққиёт банки иштирокида «Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш» (2-босқич) лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида 157 та маҳаллада инклюзив режалаштириш бўйича тренинглар бошланди.
Ушбу тренинглар Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ҳамда БМТ Тараққиёт Дастури томонидан “Маҳалла фуқаролар йиғини учун инклюзив режалаштириш ва ривожланиш” мавзусида ўтказилмоқда.
Лойиҳадан кўзланган бош мақсад — маҳалла аҳолисининг фаол иштирокини таъминлаган ҳолда ҳудудларни ривожлантириш режаларини ишлаб чиқиш, қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш орқали аҳолининг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш, соғлиқни сақлаш даражасини ошириш ва иқлим ўзгариши таъсирини камайтиришдан иборат.

Лойиҳа доирасида Қашқадарё, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги 157 та маҳаллада маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим, солиқ инспекторлари ҳамда маҳалланинг ташаббускор гуруҳ аъзолари (аёллар, ёшлар ва ижтимоий гуруҳ вакиллари) қамраб олинди. Учта вилоят бўйича ўқув машғулотларига жами 1 643 нафар иштирокчи жалб этилган бўлиб, уларнинг 461 нафарини хотин-қизлар ташкил этди. Иштирокчилар томонидан маҳаллалар ривожланишига қаратилган жами 485 та ижтимоий лойиҳа ишлаб чиқилди ва улар халқаро ҳамда маҳаллий ташкилотларга тақдим этилади.
Ҳудудлар кесимида айтадиган бўлсак, Қашқадарё вилоятининг Ғузор, Қамаши, Китоб, Шаҳрисабз, Яккабоғ, Деҳқонобод туманларидаги 45 та маҳаллада тренинглар ташкил этилиб, унга 487 нафар иштирокчи жалб этилди. Шулардан 237 нафари МФЙ ходимлари ва 250 нафари ташаббускор гуруҳ аъзолари бўлиб, қатнашчиларнинг 132 нафари аёллардир. Тренинглар давомида воҳа маҳаллаларини ривожлантиришга қаратилган 134 та ижтимоий лойиҳа ишлаб чиқилди. Ушбу ташаббуслар замонавий кўп функцияли спорт майдончалари, маҳалла кутубхоналари ва соғломлаштириш марказларини ташкил этиш, ички кўчаларга ёритиш чироқларини ўрнатиш, ариқлар қазиш ҳамда бошқа долзарб инфратузилмавий масалаларни ҳал этишни назарда тутади.
Самарқанд вилоятининг Булунғур, Жомбой, Иштихон, Каттақўрғон, Нарпай, Оқдарё, Пахтачи, Самарқанд, Тойлоқ ҳамда Ургут туманларининг 52 та маҳалла фуқаролар йиғинида ўтказилган тренингларда 545 нафар иштирокчи қамраб олинди. Уларнинг 290 нафари МФЙ ходимлари, 255 нафари эса ташаббускор гуруҳ аъзолари бўлса, 154 нафарини хотин-қизлар ташкил қилди. Самарқандлик иштирокчилар томонидан маҳалла ҳудудида ақлли бекат, «Ёшлар боғи», спорт ва болалар майдончалари, пиёдалар йўлакчаларини ташкил этиш, маҳаллани хавфсиз ҳудудга айлантириш ҳамда IT марказини очиш каби 172 та ижтимоий лойиҳа тайёрланди.

Сурхондарё вилоятининг Термиз, Ангор, Музработ, Шеробод, Бойсун туманларидаги 60 та маҳаллада ўтказилган тренингларга жами 611 нафар иштирокчи жалб этилди. Шундан 314 нафари МФЙ ходимлари, 297 нафари эса ташаббускор гуруҳ аъзоларидир. Иштирокчиларнинг 175 нафарини аёллар ташкил этди. Воҳанинг фаол қатнашчилари томонидан маҳаллалар ривожига қаратилган 150 та ижтимоий лойиҳа ишлаб чиқилди.
Шу билан бирга, тренинглар давомида МФЙ ходимлари ва маҳалла ташаббускор гуруҳ аъзолари маҳалла бюджети маблағларидан мақсадли фойдаланиш ва 10 фоизлик солиқ маблағларини тўғри йўналтириш, маҳалла фаолияти иш режасини қисқа ва узоқ муддатли режалаштириш, фандрайзинг, жамоатчилик иштирокида мониторинг қилиш ва баҳолаш бўйича билим ва кўникмаларини оширди.
Ўтказилган тренинглар иштирокчиларда катта қизиқиш ва мамнуният уйғотди. Айниқса, маҳалла ривожи учун лойиҳалар орқали амалий ҳаракат қилиш имконияти мавжудлиги, шунингдек, илгари билмаган лойиҳа ёзиш кўникмаларини ўзлаштирганликлари қатнашчиларда янги ташаббус ва иштиёқни кучайтирди. Тренинг давомида олинган билим ва кўникмалар асосида иштирокчилар бугунги кунда Олий Мажлис ҳузуридаги Фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун муносиб ва қулай яшаш шароитларини яратиш, бандликни таъминлаш, экологик муаммоларни бартараф этиш, спорт майдончалари ва кутубхоналарни ташкил этиш, таълим ва соғломлаштириш каби йўналишларни ривожлантиришга қаратилган давлат грантлари танловларида иштирок этиш учун лойиҳа аризаларини фаол тайёрлаб, тақдим этмоқда.
Моҳигул Қосимова, ЎзА