Мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, унда самарадорликни ошириш, аҳоли томорқаларини ишга солиш борасида амалий ишлар изчил давом этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 14 февралда “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва “Uzagrostar xolding” компанияси фаолиятини ташкил этиш ҳақида”ги қарори ана шундай ислоҳотлар изчиллигига хизмат қилди.
Ҳужжатлар ижроси асосида янги ташкил этилган “Quva-Agro Star” ва “Fargʼona-Agro Star” компаниялари “Микрокредитбанк”ка ишончли бошқарувга берилди.

Ушбу ихтисослашган компанияларнинг асосий вазифалари этиб, базавий ва қамраб олинадиган туманларда мавжуд томорқа ва ер майдонлари ҳажми, маҳаллалар ихтисослашуви, асосий экспорт йўналишлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантиришдан иборат.
Шунингдек, илмий-тадқиқот институтлари билан ҳамкорликда сифатли уруғ ва кўчатларни танлаш, олиб келиш ва уларнинг экилишини ташкил этиш, маҳсулот етиштириш ва қайта ишлашга халқаро стандартларни жорий қилишни молиявий қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратади.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари брендини яратиш, юқори қийматли бозорларни топиш учун етакчи тадбиркорлар, халқаро мутахассислар билан ҳамкорлик қилиш ҳамда лойиҳаларни биргаликда амалга ошириш, яшил технологиялар асосида камида бир гектаргача майдонда замонавий иссиқхоналар барпо этиш, агротуризмни ривожлантириш ҳам белгиланди.
Мевачилик ва кўчатчиликда янги лойиҳа
Компаниялар томонидан Фарғона ва Қува туманларида маҳаллалардаги аҳоли билан яқин ҳамкорликда, ҳоким ёрдамчилари кўмагида боғдорчиликка ихтисослашган ҳудудлар хатловдан ўтказилди. Томорқаларда мева ва гул кўчатлари етиштиришга алоҳида эътибор қаратилди. “Quva-Agro Star” ва “Fargʻona-Agro Star” компаниялари маҳаллий ҳамда хорижий ҳамкорлар билан шартномалар имзолаб, ўрик, гилос ва бошқа меваларнинг юқори ҳосил берадиган навларини етказиб беришни йўлга қўйди.
Бундан ташқари, компаниялар кўмагида:
- Бешариқ туманида 86 нафар камбағал оилага 4 минг дона ўрик кўчатлари ҳомийлик асосида етказилди;
- Бухоро вилоятида 53 та маҳалладаги 380 та хонадонга 10 минг дона ўрик ва шафтоли кўчатлари тарқатилди;
- Фарғона вилояти Учкўприк туманида ижарага берилган 32,8 гектар ерда 100 нафар фуқаро иштирокида интенсив боғлар яратилмоқда.
Технология, билим ва рақамлаштириш – келажак пойдевори
Аграр соҳани юқори даражага олиб чиқиш учун инновацион ечимлар талаб этилади. Шу мақсадда, янги ташкил этилган компаниялар тупроқ таҳлили, селекция ишлари ва агротехник тадбирларни автоматлаштиришда Верис, Соилметер, CропХ каби замонавий сенсорлардан фойдаланишни режалаштирган.

Шунингдек, фермер ва деҳқонлар учун онлайн дарслар, мобил маслаҳат иловалари, иш режалари учун рақамли кундаликлар, ўқув видеолар ва интерактив платформалар ишлаб чиқилади. Калифорния университети, Корнелл университети ва БМТ ФАОси каби нуфузли ташкилотларнинг қўлланмалари ўзбек тилига таржима қилинади.
Молиявий қўллаб-қувватлаш ва экспорт салоҳият
Жорий йилнинг биринчи чорагида “Микрокредитбанк” томонидан республикамиз бўйича 3 минг 520 нафар аҳоли ва хўжаликларга мева етиштириш ва қайта ишлашга 45,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.
Шу билан бирга, Қува туманида 3 гектар майдонда яшил технологиялар асосида “Quva-Agro Star” агрологистика маркази ташкил этиш режалаштирилган. Ушбу марказда совутгич ва музлатгич омборлари, қадоқлаш ва қайта ишлаш цехлари, электрон савдо платформалари, экспорт учун сертификатлаш марказлари фаолияти йўлга қўйилади.
Компаниялар маҳаллий маҳсулотларни халқаро стандартларга мос равишда қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспорт қилишга кўмаклашади. Бунда Интертек, СГС Агриcултуре каби нуфузли халқаро компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилади. Деҳқон хўжаликлари юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилиб, экспорт лицензияларига эга бўлади.
Хулоса ўрнида...
«Uzagrostar» моделининг жорий этилиши нафақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг самарадорлигини оширади, балки аҳоли даромадини кўпайтириш, экспорт имкониятларини кенгайтириш, илм ва технологияга асосланган қишлоқ ҳужалиги маҳсулотларини етиштиришда муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилади. Янги тизимнинг қадамлари эса фермер ва деҳқоннинг ҳар бир томорқасини ишлаб чиқариш майдонига айлантиришни мақсад қилган.
Абдуғани ОЧИЛДИЕВ,
«Микрокредитбанк» АТБ Маҳаллабай ишлаш
ва ҳудудий лойиҳаларни бошқариш
департаменти директори ўринбосари.
Реклама ҳуқуқи асосида