Қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳудудларда аграр соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш мақсадида Сирдарё вилоятига ташриф буюрди. Ташриф доирасида у аввало Сайхунобод туманининг “Dax Pole Tex” фермер хўжалигидаги саримсоқпиёз етиштирилаётган дала майдонида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Фермер хўжалигида 100 гектар майдонга саримсоқпиёзнинг маҳаллий “Жануб” нави ҳамда Хитойдан келтирилган уруғлар экилиб, шунинг 80 гектарида ёмғирлатиб, 20 гектарида эса томчилатиб суғориш технологияси қўлланилмоқда. Эътиборга молик жиҳати шундаки, саримсоқпиёз пахта йиғим-терими якунланган майдонларга экилмоқда ва бу ерлар қиш фаслида ҳам самарали фойдаланилмоқда. Ҳосил йиғиб олингач, майдонлар яна пахта етиштириш учун тайёрланади. Бундай ёндашув экиш айланмасини таъминлаш ва ер унумдорлигини сақлашда муҳим аҳамият касб этади.

Фермер хўжалиги раҳбарининг қайд этишича, АҚШ компанияси билан экспорт шартномаси имзоланган бўлиб, ҳосил тўлиқ органик маҳсулот сифатида Америка бозорига етказиб берилади. Халқаро талаб ва стандартларга мувофиқликни таъминлаш мақсадида барча агротехник тадбирлар хитойлик мутахассислар иштирокида амалга оширилмоқда.
Вазир хўжалик раҳбари ва мутахассислар билан суҳбатда маҳаллий ва хорижий саримсоқпиёз навларининг ўсувчанлик хусусиятлари, ҳосилдорлиги, экспортбоплиги ҳақида батафсил маълумот олди. Шунингдек, органик маҳсулотлар етиштиришда санитария, экологик ва халқаро стандартларга қатъий амал қилиш зарурлигини таъкидлади. Мазкур тажрибани нафақат Сайхунобод, балки Сирдарё вилоятининг бошқа туманларида ҳам жорий этиш мақсадга мувофиқ экани айтилди.

Маълумотларга кўра, келгуси йилда фермер хўжалиги олдига 3 минг гектар майдонда саримсоқпиёз етиштириш вазифаси қўйилган. Кейинги босқичда пахтадан бўшайдиган барча майдонларда ушбу маҳсулотни экиб, уни экспортга йўналтириш кўзда тутилмоқда. Чунки саримсоқпиёзга халқаро бозорларда талаб юқори, қиш фаслида бўш қоладиган ерлардан оқилона фойдаланиш эса фермерлар учун барқарор даромад манбаи бўлиши мумкин.
Сайхунобод туманидаги ташрифдан сўнг, вазир Иброҳим Абдураҳмонов Гулистон шаҳрида жойлашган “Бунёдкор Гўшт Сут Савдо Инвест” МЧЖ да аҳоли учун захира қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш жараёни билан танишди. Корхонада 1000 тонна картошка, 274 тонна пиёз, 353 тонна гуруч, шунингдек, шакар ва гўшт маҳсулотлари белгиланган талаблар асосида сақланмоқда.
Вазир захираларни кўздан кечирар экан, мавжуд маҳсулотлар фақат қисқа муддатда эмас, балки қишнинг авжига чиқққан пайтларида ҳам бозор барқарорлигини таъминлашга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади. Шу муносабат билан озиқ-овқат захираларини ҳудудлар кесимида мувозанатли шакллантириш ва эҳтиёж туғилганда уларни тезкор етказиб бериш механизмларини такомиллаштириш юзасидан тегишли кўрсатмалар берди.

Шунингдек, бозорларда маҳсулот тақчиллиги кузатилган ҳолларда ички бозорни маҳаллий маҳсулотлар билан тезкор тўлдириш бўйича узлуксиз занжир яратиш муҳим экани қайд этилди. Яъни ишлаб чиқариш, сақлаш ва сотиш жараёнлари ўзаро мувофиқлашган ҳолда амалга оширилиши керак.
Иброҳим Абдураҳмонов мутасаддиларга рақамлар ортидан қувиш эмас, балки аниқ, масъулиятли ва шаффоф иш юритиш зарурлигини эслатди. Чунки озиқ-овқат захираларини ўз вақтида ва тўғри режалаштириш — қиш мавсумида аҳолини узлуксиз таъминот билан таъминлаш ҳамда бозор барқарорлигининг асосий кафолатидир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири