Қишлоқ хўжалиги соҳасида илм-фан
Иқлим ўзгариши, сув танқислиги, тупроқ шўрланиши ва ўсимлик касалликлари қишлоқ хўжалиги учун тобора жиддий муаммога айланмоқда.
Бундай шароитда экинлар ҳосилдорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланишда замонавий илм-фан ютуқларига таяниш муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, геномика, биоинформатика ва биотехнология соҳаларидаги изланишлар қишлоқ хўжалигида янги имкониятларни очмоқда.
Айни шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар, илмий изланишлар ва эришилган натижалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Геномика ва биоинформатика маркази томонидан «Ўзбекистонда геномика ва биотехнология, озиқ-овқат хавфсизлиги, иқлимга мос қишлоқ хўжалиги, аграр рақобатбардошлик» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Анжуманда марказ олимларининг қишлоқ хўжалиги экинларининг генетик имкониятларини ўрганиш, серҳосил, касалликларга ва ноқулай иқлим шароитларига чидамли навларни яратиш борасидаги ишлари ҳақида маълумот берилди. Жумладан, ғўза, буғдой, картошка, соя, маккажўхори ва узумчилик соҳаларида олиб борилаётган тадқиқотлар, уларнинг амалий аҳамияти ҳамда истиқболдаги имкониятлари хусусида сўз юритилди.
Марказ олимлари замонавий биотехнологик усуллар асосида юқори ҳосилдор картошка ва буғдой навларини яратишга эришган. Шулардан бири — биотехнологик усулда яратилган «Бисёр» картошка нави бўлиб, у халқаро миқёсда эътироф этилган ишланмалардан ҳисобланади.
Буғдой селекциясида ҳам муҳим натижалар қўлга киритилмоқда. Сариқ занг касаллигига чидамли, сифат кўрсаткичлари билан ажралиб турадиган «Сарнав» буғдой нави яратилди ва давлат нав синовига топширилди. Шунингдек, касалликларга чидамли истиқболли буғдой намуналари Жиззах ва Қашқадарё вилоятларининг турли агроиқлим шароитларида ўрганилмоқда.
Иқлим ўзгариши шароитида қишлоқ хўжалиги экинларининг чидамлилигини ошириш ҳам долзарб вазифалардан бири. Шу мақсадда марказда қурғоқчиликка чидамли соя ва маккажўхори навларини яратиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу изланишлар сув танқислиги шароитида ҳам барқарор ҳосил олиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган.
Марказнинг муҳим илмий йўналишларидан яна бири ғўза геномикаси ва биотехнологиясидир. Геннокаут технологияси асосида яратилган «Порлоқ», «Матонат» ва «Бардош» ғўза навлари юқори ҳосилдорлиги, тола сифатининг яхшилиги, қурғоқчилик, шўрланиш ва вилт касаллигига чидамлилиги билан ажралиб туради. Бундай ишланмалар пахтачиликда ер ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сифатли хомашё етиштириш ҳамда тўқимачилик саноатининг рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади.
[photobank-https://uza.uz/uz/collection/31996]
Узумчилик соҳасида ҳам геномика йўналишида муҳим натижаларга эришилмоқда. 2026 йилда марказ олимлари томонидан маҳаллий «Соҳиби» узум навининг тўлиқ геноми илк бор юқори аниқликда секвенс қилиниб, унинг геном йиғмаси яратилди. Шунингдек, Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон ва Қирғизистон селекциясига мансуб 100 та узум навининг генетик хусусиятлари геном даражасида ўрганилди.
Бу тадқиқотлар маҳаллий узум навларининг генетик хилма-хиллигини сақлаш, улардаги қимматли белгиларни аниқлаш ва истиқболли янги навларни яратиш учун муҳим илмий асос бўлиб хизмат қилади.
Н.Раҳмонова,
О.Пардаев (сурат),
ЎзА