Қишда йўлларда хавфсиз ҳаракат учун 150 миллиард сўм йўналтирилади
Ёғинли, музлама ва қорли йўллар ҳайдовчилардан нафақат эҳтиёткорлик, балки йўл инфратузилмасининг мавсумга тайёрлигини ҳам талаб қилади.
Айниқса, тоғли ҳудудлардаги довонларда об-ҳавонинг кескин ўзгариши транспорт ҳаракатига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Мамлакатимизда йўллар куз-қиш мавсумига тайёрми?
Йўлларни қиш мавсумида сақлаш ва узлуксиз ҳаракатни таъминлаш учун қандай амалий ишлар олиб борилмоқда?
Миллий контент марказида Автомобиль йўллари қўмитаси масъуллари томонидан ташкил этилган брифингда соҳага тегишли маълумотлар тақдим этилди.
Брифингда таъкидланишича, тизим тасарруфидаги жами 42 минг 371 километр узунликдаги умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари ҳамда йўл-транспорт инфратузилмаси объектларини мавсумга тайёрлаш бўйича чора-тадбирлар белгиланган. Куз-қиш мавсумини хавфсиз ўтказиш мақсадида 18 минг 236 нафар ишчи ва механизатордан иборат махсус бригадалар ташкил этилмоқда. Улар, айниқса, автомобиль йўлларининг хавфли участкаларида вахта усулида иш олиб боради.
Тизимдаги 559 та йўл бўлимининг ётоқхона ва хизмат хоналарида зарур шароитлар яратилиб, навбатчиликдаги ишчи-хизматчиларни уч маҳал иссиқ овқат билан таъминлаш чоралари кўрилган. Шунингдек, фавқулодда вазиятларда фойдаланиш учун бирламчи озиқ-овқат захиралари тайёрланмоқда. Йўл бўлимларида туз-қум омборларини таъмирлаш, зарур материаллар захирасини шакллантириш, ишчиларни махсус қишки кийим-бош билан таъминлаш ҳамда кучайтирилган навбатчиликни ташкил этиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.
Қишда йўлларда музлама ва сирпанчиқликнинг олдини олишда техник туз, қум ва майда чақилган тош муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда 70 минг 900 тонна техник туз ҳамда 113 минг 200 куб метр қум захирасини шакллантириш режалаштирилган.
Белгиланган режага мувофиқ, ушбу захираларни жорий йилнинг 1 ноябрига қадар 100 фоизга етказиш кўзда тутилган. Йўлларни қиш мавсумида сақлаш ва узлуксиз ҳаракатни таъминлаш учун жами 2 минг 140 та йўл техникаси ҳам мавсумга тайёрланмоқда. Уларнинг орасида қор тозалаш ва қум сепишга ихтисослашган 423 та машина, 223 та автогрейдер, 29 та бульдозер, 239 та экскаватор ва юклагич, шунингдек, юк ташиш ва махсус ишларга мўлжалланган 1 минг 226 та автомобиль бор.
Қишда транспорт ҳаракати учун энг масъулиятли ҳудудлардан бири — тоғли довонлар. Қор ёғиши, музлама ва кўриш масофасининг қисқариши бундай участкаларда ҳаракатни қийинлаштириши мумкин. Шу боис А-373 “Тошкент — Ўш” автомобиль йўлининг Қамчиқ довони, М-39 “Тошкент — Термиз” йўлининг Сурхондарё вилоятидаги Оқрабод довони, Қашқадарё вилоятидаги Чак-чак, Самарқанд вилоятидаги Тахтақорача ва Жиззах довонларида кучайтирилган навбатчилик ташкил этилмоқда. Шунингдек, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги D-006 “Тошкент — Чирчиқ — Чимён” ҳамда D-010 “Чорбоғ сув омбори ҳалқа йўли” автомобиль йўлларининг хавфли участкаларида ҳам зарур чоралар кўрилмоқда.
Ушбу ҳудудларда куну тун ишлайдиган диспетчерлик алоқасини йўлга қўйиш, йўл техникаларини шай ҳолатда сақлаш ва тезкор хизмат кўрсатиш имкониятларини кучайтириш назарда тутилган. Довонлардаги хавфсизликни таъминлаш учун 15 минг 646 тонна техник туз, 93,2 тонна дизель ёқилғиси ҳамда 19 минг 858 куб метр қум ва чақилган тош аралашмаси захирасини яратиш белгиланган. Шунингдек, 162 та йўл техникасини мавсумга тайёрлаш ишлари якунланмоқда.
Куз-қиш мавсумида йўлларнинг ҳолати нафақат махсус хизматларнинг тайёргарлигига, балки ҳайдовчиларнинг масъулиятига ҳам боғлиқ. Қишки шиналардан фойдаланиш, ҳаракат тезлигини об-ҳаво шароитига мослаштириш, оралиқ масофани сақлаш ва йўл белгиларига қатъий амал қилиш хавфсизликнинг муҳим шартлари. Шу боис мамлакатимизда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларини куз-қиш мавсумига тайёрлаш ишлари олиб борилмоқда. Бу мақсадлар учун 150 миллиард сўм йўналтирилиб, минглаб мутахассис ва махсус техникалар сафарбар этилмоқда.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА