Қиш синовига электр тизими тайёрми?
Қишнинг аёзли кунларида хонадонларда чироқнинг барқарор ёниши, шифохоналарда тиббий хизмат, мактаб ва боғчаларда таълим-тарбия жараёни, корхоналарда ишлаб чиқаришнинг узлуксиз давом этиши кўп жиҳатдан электр таъминотига боғлиқ. Айниқса, ҳаво ҳарорати кескин пасайиб, электр энергиясига талаб ортган пайтда энергетика тизими зиммасига катта масъулият юкланади. Шу боис қишга тайёргарлик жараёнида тармоқларни таъмирлаш, эскирган ускуналарни янгилаш ва эҳтимолий носозликларнинг олдини олиш муҳим аҳамият касб этади.
Хўш, бу борада Сирдарё вилоятида қандай ишлар амалга оширилмоқда? Электр тармоқлари қиш синовига қанчалик тайёр? Мавсум давомида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа объектлари ва тадбиркорлик субъектларини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш учун қандай чоралар кўрилмоқда? Бу саволлар, шубҳасиз, ҳар бир истеъмолчини қизиқтириши табиий.

«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Сирдарё ҳудудий филиали томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, жорий йилда вилоят бўйича 2 771,2 километр электр узатиш тармоғини таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, шундан 996,2 километрида капитал, 1 775 километрида эса жорий таъмирлаш ишлари бажарилган. Шунингдек, режадаги 1 149 та трансформатор пунктидан 367 тасида капитал, 782 тасида жорий таъмирлаш ишлари якунланган.
Бу кўрсаткичлар ортида электр тармоқларини мавсумий юкламаларга мослаштириш, эскирган ускуналарни янгилаш ва эҳтимолий носозликларнинг олдини олишга қаратилган саъй-ҳаракатлар мужассам. Зеро, ҳаво ҳарорати пасайган сари аҳолининг электр энергиясига эҳтиёжи ортади. Бундай вазиятда трансформаторларнинг қуввати, тармоқларнинг ўтказиш имконияти ва ускуналарнинг техник созлиги ҳал қилувчи омилга айланади.
Вилоятдаги жами 3 356 та трансформатор пунктидан 1 918 таси техник ҳолатига кўра алоҳида назоратга олинган. Шундан 1 012 таси сариқ, 906 таси қизил тоифага киритилган. Мавжуд маълумотларга кўра, қизил тоифадаги трансформаторларнинг 879 таси, яъни қарийб 97 фоизи, сариқ тоифадагиларнинг эса 855 таси — 84,5 фоизи таъмирланган. Қолган ускуналарнинг ҳолатини яхшилаш, уларнинг ишончли ишлашини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар ҳам изчил давом эттирилмоқда.

Қишки мавсумда кутилмаган носозликлар юзага келиш эҳтимолини ҳам ҳисобга олган ҳолда, филиалда зарур материаллар захираси шакллантирилган. Хусусан, 104 та трансформатор, 1 815 та темир-бетон таянч, 51 тонна трансформатор мойи, 39,6 километр кабель, 15,1 тонна сим, 32,8 километр СИП кабели, 568 та муфта ҳамда 2 097 та автомат ва ажратгич жамғарилган.
Бундан ташқари, 30 та тезкор бригада, 140 нафар ходим, 31 та автомобиль ва 14 та махсус техника мавсум давомида хизмат кўрсатишга шай ҳолатга келтирилган. Бу эса электр тармоқларида авария ҳолатлари юзага келганда мутахассисларнинг ҳодиса жойига ўз вақтида етиб бориши, зарур эҳтиёт қисмлардан фойдаланиб, носозликларни қисқа муддатларда бартараф этиши учун зарур шароит яратади.

— Мавсумга тайёргарлик жараёнида тармоқлар ва трансформатор пунктларини таъмирлаш билан бир қаторда, авария пайтида тезкор ҳаракат қилиш салоҳиятини ҳам кучайтирдик. Зарур эҳтиёт қисмлар ва материаллар захираси шакллантирилди, махсус техникалар соз ҳолатга келтирилиб, тезкор бригадаларнинг шайлиги таъминланди. Айниқса, совуқ кунларда аҳоли хонадонлари, шифохоналар, мактаблар, боғчалар ва бошқа ижтимоий объектларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлашга устувор вазифа сифатида қараймиз. Тадбиркорлик субъектлари ва ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятида узилишларга йўл қўймаслик ҳам доимий эътиборимизда, — дейди «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ Сирдарё ҳудудий филиали бош муҳандиси Дилшод Абдуқодиров.
Мавжуд тармоқларни таъмирлаш билан чекланиб қолмасдан, энергетика инфратузилмасини кенгайтириш ва замонавийлаштиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятда 8 440 та темир-бетон таянч ўрнатиш, 428 километр электр узатиш тармоғи қуриш ва 150 та трансформатор пункти барпо этиш белгиланган. Ҳозиргача 6 338 та таянч ўрнатилиб, 230,3 километр тармоқ қурилган ва 23 та трансформатор пункти барпо этилган.
Ушбу лойиҳалар, айниқса, аҳоли зич яшайдиган маҳаллалар, янги турар жой массивлари ва ишлаб чиқариш ҳудудларида электр энергиясига ортиб бораётган талабни қондиришга қаратилган. Янги тармоқлар ва трансформатор пунктларининг ишга туширилиши мавжуд инфратузилмага тушаётган юкламани тақсимлаш, қувват тақчиллигининг олдини олиш ва истеъмолчиларга янада қулай шароит яратиш имконини беради.

Электр энергетикаси тармоғини ривожлантириш, эскирган инфратузилмани янгилаш ва янги қувватларни ишга тушириш давлат сиёсатида ҳам устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Президентнинг энергетика соҳасини тараққий эттириш ва ҳудудлар инфратузилмасини модернизация қилишга қаратилган фармон ва қарорларида бу борадаги вазифалар белгилаб берилган. Уларда назарда тутилган чора-тадбирларнинг Сирдарё вилоятида ҳам изчил амалга оширилиши аҳоли, ижтимоий соҳа муассасалари ва тадбиркорлик субъектларининг ўсиб бораётган эҳтиёжларини қондиришга замин яратади.
Энергетика тизимида рақамли ечимлардан фойдаланиш кўлами ҳам ортиб бормоқда. Вилоятда электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими доирасида 222 386 та истеъмолчи ҳисоблагичи, трансформаторларда 2 973 та баланс ҳисоблагичи ва 2 998 та концентратор мавжуд.

Мазкур қурилмалар ёрдамида электр энергияси сарфи мунтазам кузатиб борилади, тармоқлардаги йўқотишлар ва юклама ўзгаришлари таҳлил қилинади. Келгусида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали истеъмол ҳажмини олдиндан прогнозлаш, эҳтимолий носозликларни эртароқ аниқлаш ва таъмирлаш ишларини аниқ ҳисоб-китоблар асосида режалаштириш кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, маҳаллалар кесимида энергетик паспортларни шакллантириш ва электр энергиясига бўлган эҳтиёжни ўрганишга қаратилган «Янги йўл» тажрибаси ҳам эътиборга молик. Бунда ҳар бир ҳудуднинг истеъмол ҳажми, мавжуд тармоқлар қуввати ва келгусидаги эҳтиёжлари таҳлил қилиниб, муаммоларни манзилли ҳал этиш, ортиқча юкламани камайтириш ҳамда таъмирлаш ишларини аниқ йўналишлар бўйича ташкил этиш назарда тутилган.
Бугунги таъмирлаш ва қурилиш жараёнлари келгуси режалар билан узвий боғлиқ. Жумладан, электр тармоқларини модернизация қилиш, янги объектларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топшириш, техник ҳолати яхшиланиши зарур бўлган трансформаторларни таъмирлаш ва электр энергиясига талаб юқори ҳудудларда тармоқ қувватини ошириш навбатдаги вазифалар сирасига киради.

— Олдимизда турган асосий мақсад — электр таъминотидаги барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва истеъмолчиларга хизмат кўрсатиш сифатини ошириш. Шу мақсадда янги электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктлари қурилишини давом эттириш, мавжуд ускуналарни модернизация қилиш, юклама юқори бўлган ҳудудларни аниқлаб, уларнинг таъминот имкониятларини кенгайтиришни режалаштирганмиз.
Шу билан бирга, рақамли технологиялардан фойдаланиш кўламини ошириш, аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ўрганиш ва кўтарилган масалаларни жойида ҳал этишга ҳам эътибор қаратамиз. Асосий мақсадимиз — қишнинг энг совуқ кунларида ҳам аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа муассасалари ва тадбиркорлик объектларида электр энергияси узлуксизлигини таъминлаш, — дейди Дилшод Абдуқодиров.
Аҳоли мурожаатлари ҳам хизмат кўрсатиш сифатини баҳолаш ва мавжуд муаммоларни аниқлашда муҳим манбалардан биридир. Тақдим этилган маълумотларга кўра, 2026 йилнинг биринчи ярмида ёқилғи-энергетика соҳаси бўйича 1 242 та мурожаат келиб тушган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23,3 фоиз кам. Ушбу кўрсаткич билан бир қаторда, мурожаатларда кўтарилаётган масалаларни чуқур ўрганиш, уларнинг сабабларини аниқлаш ва ҳар бир ҳолат бўйича амалий ечим топиш ҳам долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Умуман олганда, Сирдарё вилоятида қиш мавсумига тайёргарлик доирасида электр тармоқларини таъмирлаш, трансформаторларнинг техник ҳолатини яхшилаш, янги инфратузилма объектларини барпо этиш ҳамда авариявий хизматлар салоҳиятини ошириш борасида муайян ишлар бажарилмоқда. Келгусида эса бошланган лойиҳаларни якунига етказиш, янги объектларни фойдаланишга топшириш ва энергетика тизимининг ишончлилигини янада мустаҳкамлашга эътибор қаратилади.
Зеро, қишки мавсумга тайёргарликнинг ҳақиқий натижаси совуқ кунларда намоён бўлади. Хонадонларда чироқнинг барқарор ёниши, шифохоналарда тиббий хизматнинг узлуксиз давом этиши, мактаб ва боғчаларда қулай шароит сақланиши, тадбиркорлик субъектлари ҳамда ишлаб чиқариш корхоналарининг бир маромда фаолият юритиши — энергетиклар меҳнатининг энг муҳим самарасидир.
Сирдарё энергетиклари олдида турган асосий вазифа — мавжуд куч ва воситаларни тўлиқ сафарбар этиб, қишнинг турли об-ҳаво шароитида ҳам ҳар бир хонадон, ижтимоий муассаса ва корхонани ишончли электр энергияси билан таъминлашдир.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири