Андижонда электр энергияси ва табиий газни иқтисод қилиш, қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш масалаларига бағишланган кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди.
Тадбирда Республика ва вилоят прокуратураси вакиллари, тегишли корхона ва ташкилотлар мутахассислари, коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотлар, йирик истеъмолчилар ҳамда аҳоли вакиллари иштирок этди. Унда қиш мавсумида хавфсизликни ҳамда истеъмолчиларни ресурслар билан барқарор таъминлаш, шунингдек, мавжуд манбалардан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Семинарда вилоятда электр энергия ва табиий газни иқтисод қилиш, энерготежамкор ускуналарни кенг жорий қилиш, ижтимоий соҳа объектлари ва аҳоли хонадонларида қиш мавсумини беталафот ўтказиш, мавсум давомида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда ёнғин хавфсизлиги тадбирларини янада самарали ташкил этиш бўйича зарур чоралар кўрилиши муҳимлиги алоҳида қайд этилди.
[gallery-26882]
Шунингдек, аҳоли учун хавфсиз ва узлуксиз энергия таъминотини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар ижроси таҳлил этилди. Иштирокчиларга табиий ва суюлтирилган газ ва энергиятежамкор газ жиҳозларидан хавфсиз фойдаланиш, ресурсларни иқтисод қилган ҳолда сарфлаш ҳамда уларнинг афзалликлари тушунтирилди.
– Истеъмолчиларга энергиятежамкор ёндиргич ва ускуналардан фойдаланишнинг афзал томонлари кўп, – дейди “Ҳудудгаз Андижон” газ таъминоти филиали бош муҳандиси Хуршидбек Қодиров. – Ана шу ускуналар хавфсиз ҳисобланади, яъни газ босимининг пасайиб-кўтарилиши оқибатида газ узатиш тармоқларида узилишлар юзага келганида автоматик тарзда ўчиб, газ ўтказишни тўхтатади. Ҳозир аҳоли хонадонларида газ таъминоти бўлимлари ходимлари томонидан ўтказилаётган тарғибот тадбирларимизда хавфсиз ускуналарнинг афзалликлари ҳақида тушунчалар берилмоқда.
Тадбирда энергия ресурсларидан хавфсиз ва оқилона фойдаланиш бўйича кўргазмалар намойиш этилди, мазкур йўналишдаги ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди. Шунингдек, қишни беталафот ўтказиш, мавсумда юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни бартараф этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари