Қашқадарёда хусусий мактаб илк бор халқаро мақомга эга бўлди
Қашқадарёда таълим соҳасида яна бир муҳим ютуқ қўлга киритилди. Вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси тизимида фаолият юритаётган “Иқтидор халқаро мактаби” нуфузли CIS Member School сертификатига сазовор бўлди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур таълим муассасаси Ўзбекистондаги хусусий мактаблар орасида ушбу халқаро мақомни қўлга киритган илк мактаб сифатида эътироф этилмоқда. Бу эса вилоят таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг амалий натижаси сифатида баҳоланмоқда.
Мазкур сертификат таълим муассасасининг халқаро стандартларга мослиги, ўқув жараёни самарадорлиги, бошқарув тизими ва таълим сифати юқори даражада йўлга қўйилганини тасдиқлайди. Шу кунга қадар бундай мақом мамлакатимизда асосан Президент мактабларига бериб келингани мазкур ютуқнинг аҳамиятини янада оширади.

Бугунги кунда Қарши шаҳрида CIS Member School мақомига эга таълим муассасалари сони иккитага етди. Улардан бири Президент мактаби бўлса, иккинчиси “Иқтидор халқаро мактаби”дир. Бу ҳолат ҳудудда халқаро стандартлар асосида таълим бериш имкониятлари кенгайиб бораётганидан далолат беради.
Мутахассислар фикрича, бундай ютуқлар замонавий педагогик ёндашувларни жорий этиш, илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш ва амалиётга татбиқ этиш натижасидир. Энг муҳими, бу каби халқаро эътирофлар ёш авлодга сифатли таълим бериш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтириш ва рақобатбардош кадрлар тайёрлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Қашқадарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан таълим сифатини ошириш, замонавий стандартларни жорий этиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири