Қашқадарё вилоятида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида умуммиллий бирдамлик фестивали бўлиб ўтди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази, Маҳаллалар уюшмаси, Қашқадарё вилоят ҳокимлиги ва бошқа бир қатор масъул ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган фестивалда сиёсий фанлар доктори, профессор Нарзулла Жўраев, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия Мўминова, Ўзбекистон халқ артисти Мансур Тошматов, хизмат кўрсатган артист Ҳамид Тошпўлатов, таниқли хонандалар, эл суйган актёрлар ҳамда маънавият соҳаси вакиллари вилоятнинг Миришкор, Касби, Косон, Қарши туманлари ҳамда Қарши шаҳрида бўлиб, аҳоли билан маънавий-маърифий учрашувлар ўтказди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган фуқаролар хонадонларига ташриф буюриб, уларни байрам билан қутлашди.
[gallery-24738]
Таниқли санъаткорлар иштирокидаги чиқишлар барчага бирдек завқу шавқ улашди.
– Фестиваль доирасида 70 та маҳаллада турли хайрли тадбирлар ўтказилди, – дейди Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари, сенатор Комила Каромова. – Айниқса, “Инсон қадри” лойиҳаси давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари, “Китоб марафони” доирасида Миришкор тумани ахборот-кутубхона маркази ҳамда ёшларга 400 дан ортиқ бадиий адабиётлар тарқатилгани эътиборга лойиқ. “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остида ўтказилган гала концерт аҳолини бир мақсад йўлида жамлашда аҳамиятли бўлди.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири