Қашқадарё вилоятида тарвуз мавсуми қизғин тарзда бошланди. Вилоятнинг Кўкдала туманида кўп йиллардан буён эрта пишар тарвуз етиштириш анъанага айланган бўлиб, бу йил ҳам ҳосил одатдагидан анча олдин пишиб етилди. Айниқса, ҳар куни далалардан йиғиб олинаётган тарвузлар Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия каби қўшни давлатларга экспорт қилинаётгани қувонарли ҳолдир.
Жорий йилда туманда тарвуз экиладиган ер майдони 15 минг гектардан 22 минг гектаргача кенгайтирилди. Бу эса ҳосил миқдорининг ҳам ортишига замин яратди. Айнан шундай ислоҳотлар натижасида 10 минг гектар ер майдонига “Долби” навли тарвузлар экилди. Мазкур нав ўзининг сувсизлик ва иссиқликка чидамлилиги, юқори ҳосилдорлиги ҳамда экспортбоплиги билан ажралиб туради. Шунингдек, у оддий навларга нисбатан анча эрта пишиши билан ҳам аҳамиятга эга.

Экспорт жараёнларининг самарали ташкил этилишида Қашқадарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда. Улар маҳсулотларни “экспорт” божхона режимида расмийлаштиришда тадбиркорларга енгилликлар яратиш, тартиб-қоидалар юзасидан тушунтириш ишларини олиб бориш орқали соҳадаги бюрократик тўсиқларни камайтиришга ҳисса қўшмоқда.

Маълумотларга кўра, ҳозиргача Қашқадарё вилоятида рўйхатдан ўтган ташкилотлар томонидан деярли 2 минг тоннага яқин тарвуз экспорт божхона режимида расмийлаштирилган.

Мазкур ҳолат вилоят агросаноат салоҳияти ошиб бораётганини, маҳаллий фермер ва тадбиркорлар халқаро бозорда ҳам ўз ўрнини топаётганини яққол кўрсатмоқда.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири