Қашқадарёда ўзбек тили байрами кенг нишонланди
"Қадринг баланд бўлсин, она тилим!" шиори остидаги асосий тантаналар Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида ташкил этилди.
Тадбир вилоят ҳокимлиги, Қарши давлат университети, Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими, вилоят маданият бошқармаси ҳамда Абдулла Орипов номидаги ижод мактаби ҳамкорлигида ўтказилди.
Унда тилшунос ва адабиётшунос олимлар, журналистлар, зиёлилар, ўқитувчилар, она тилимиз фидойилари, хорижлик меҳмонлар, талабалар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Байрам тадбири Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Орипов ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Вилоят ҳокими Муротжон Азимовнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилди.
[gallery-32078]
Давлат тили ривожига муносиб ҳисса қўшаётган олимлар, адиблар, ўқитувчилар, маданият ходимлари, ёшлар ва бошқа фидойилар вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқлари, ташаккурномалари ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Тадбирнинг илмий-маърифий қисмида Қарши давлат университети доценти, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Одилжон Авазназаровнинг “Тил, адабиёт ва давлатчилик: туркий маънавиятнинг тарихий илдизлари” мавзусидаги маърузаси тингланди.
Саҳна кўринишлари, бадиий композициялар, викторина ва мумтоз қўшиқлар байрамга ўзгача файз бағишлади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари