Қашқадарёда Германия билан тартибли миграция соҳасида ҳамкорлик кенгайди
Қашқадарё вилоятида халқаро ҳамкорлик доирасида аҳоли, айниқса, ёшларнинг замонавий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилган янги ташаббуслар изчил давом этмоқда. Ана шундай лойиҳалардан бири сифатида Қарши давлат техника университетида Германиянинг “Prosica GmbH” компанияси билан ҳамкорликда “Ёшларни немис тилига ўқитиб, тартибли миграцияга йўналтириш” маркази иш бошлади.
Марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Муротжон Азимов, хорижий ҳамкорлар, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирок этди. Тадбирда таъкидланганидек, мазкур ташаббус ёшларнинг замонавий таълим олиши, рақобатбардош касбларни эгаллаши ҳамда халқаро меҳнат бозорида муносиб ўрин топишига хизмат қилади. Шу жиҳатдан, лойиҳа ҳудудда инсон капиталини ривожлантиришга қаратилган муҳим ва истиқболли қадам сифатида баҳоланди.
Маросим доирасида иштирокчилар марказда яратилган шарт-шароитлар билан танишиб, немис тилини ўрганишни бошлаган тингловчилар билан мулоқот қилди. Таълим жараёнларининг замонавий усуллар асосида ташкил этилгани, хорижий мутахассислар жалб қилингани лойиҳанинг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши қайд этилди.
Қайд этилишича, давлат раҳбарининг жорий йил 13 мартдаги тегишли қарори билан ушбу ташаббуснинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланган. Айни пайтда Германиядан таклиф этилган 6 нафар малакали ўқитувчи дастлабки босқичда 250 нафар ёшга немис тилини ўргатишни бошлаган.
[gallery-28579]
Умуман, Германиянинг “Prosica” ҳамда “Motiba” компаниялари билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мазкур лойиҳа доирасида жорий йилнинг ўзида 3 минг нафар, 2030 йилга қадар эса 50 минг нафар ёшни иш билан таъминлаш режалаштирилган. Бу жараёнда немис иш берувчи ташкилотлари вакиллари ҳудудга мунтазам ташриф буюриб, номзодлар билан тўғридан-тўғри суҳбатлар ўтказиши, меҳнат шартномаларини жойида расмийлаштириш амалиёти йўлга қўйилиши кўзда тутилмоқда.
Мутахассислар фикрича, бундай тизимли ёндашув тартибли меҳнат миграциясини йўлга қўйиш, ёшларнинг хорижда ишлаш жараёнларини ҳуқуқий ва хавфсиз асосда ташкил этишда муҳим аҳамият касб этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари