Қаршидаги «Болалар академияси»да замонавий таълим муҳити шакллантирилмоқда
ФОТОРЕПОРТАЖ
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида фаолият юритаётган «Болалар академияси»да ўқувчиларнинг замонавий билим олиши, хорижий тилларни пухта ўзлаштириши ҳамда маънавий-ахлоқий тарбиясига қаратилган таълим жараёни йўлга қўйилган.
2023 йилда педагоглар Жавлон Лутфуллаев ва Асал Зиёдова ташаббуси билан асос солинган таълим муассасасида мактабгача тайёрлов, бошланғич ва умумий ўрта таълим босқичлари узвийлик тамойили асосида йўлга қўйилган. Бу эса болаларнинг ягона таълим муҳитида изчил билим олишига хизмат қилмоқда.
[gallery-30496]
Академияда ҳар бир синфда 20 нафаргача ўқувчи таълим олади. Дарс жараёнида асосий ўқитувчи билан бир қаторда ассистент педагог ҳам фаолият юритиб, ўқувчиларга индивидуал ёндашувни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.
Муассасада инглиз, рус, япон, хитой ва корейс тиллари замонавий ўқитиш методикалари асосида ўргатилади. Шу билан бирга, ўқувчиларнинг танқидий фикрлаши, ижодий ёндашуви, лидерлик қобилияти ва мустақил қарор қабул қилиш кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган машғулотлар ҳам ташкил этилади.
Таълим муассасасида билим бериш билан бирга, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, масъулият, интизом, соғлом турмуш тарзи ва муомала маданиятини шакллантиришга ҳам устувор аҳамият берилмоқда.
Муассаса фаолиятида эришилаётган натижалар замонавий таълим муҳитини яратиш, малакали педагоглар салоҳиятидан самарали фойдаланиш ҳамда таълим сифатига қаратилган тизимли ёндашувнинг амалий ифодаси бўлмоқда.
Жамшид НОРҚОБИЛОВ(сурат),ЎзА