Қаршида “Миллат шавкати” китоби тақдимоти
Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси Қашқадарё вилоят кенгашида давлат арбоби ва сиёсатчи Қудратилла Рафиқовнинг “Миллат шавкати” китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Унда касаба уюшмалари фаоллари, нуронийлар ва жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбирни вилоят касаба уюшмалари кенгаши раиси Бахтиёр Жўраев бошқарди.
“Миллат шавкати” китобидан ўрин олган 12 та илмий-оммабоп мақолада Ўзбекистоннинг яқин ва узоқ тарихи, Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, Марказий Осиёда шаклланаётган янги сиёсий ва иқтисодий муҳит, дунёда кечаётган геосиёсий жараёнлар ҳақида фикр юритилади.
Муаллиф ушбу жараёнларни баён этиш билан чекланиб қолмай, уларнинг мамлакат тараққиёти, миллий манфаатлар ва инсон ҳаётига дахлдор жиҳатларини таҳлил қилади.
Асарда сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар билан бир қаторда, саноат ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, таълим ва тиббиёт соҳаларидаги ўзгаришлар каби масалаларга ҳам эътибор қаратилган. Бу жараёнларнинг барчаси инсон манфаатлари билан уйғун ҳолда ёритилган.
Тақдимотда таъкидланганидек, бугунги тез ўзгараётган дунёда воқеалар ҳақида маълумотга эга бўлишнинг ўзи кифоя эмас. Уларни англаш, таҳлил қилиш ва тўғри хулоса чиқариш муҳим. Шу нуқтаи назардан, китобдаги таҳлилий ёндашув ўқувчини мамлакат ва минтақада кечаётган жараёнлар ҳақида мушоҳада юритишга ундайди.
Асарда касаба уюшмаларининг меҳнаткашлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдаги ўрнига ҳам эътибор қаратилган. Зеро, меҳнат ҳуқуқлари, муносиб меҳнат шароити ва ижтимоий ҳимоя масалалари жамият тараққиётининг муҳим омилларидан биридир.
Тадбир давомида иштирокчилар китобнинг мазмун-моҳияти, ундаги таҳлилий фикрлар, мамлакатимиз тараққиёти ва минтақада кечаётган жараёнларга берилган баҳолар юзасидан фикр алмашдилар.
Айниқса, нуронийларнинг тадбирдаги иштироки муҳим аҳамият касб этди. Зеро, мамлакат тараққиётининг турли босқичларига гувоҳ бўлган авлод вакилларининг бугунги ўзгаришларга муносабати, ҳаётий тажрибаси ёшлар учун муҳим сабоқдир.
Тақдимотда китобхонликни кенг тарғиб этиш, ёшларнинг дунёқарашини бойитиш, уларни Ватан ва миллат тақдирига дахлдор масалалар ҳақида мустақил фикрлашга ўргатиш зарурлиги қайд этилди.
“Миллат шавкати” китобининг касаба уюшмалари тизимида тақдим этилгани ҳам ана шу мақсадлар билан уйғун. Тадбир нафақат янги асар билан танишиш, балки мамлакатимиз ва жамиятимиз ҳаётидаги муҳим жараёнлар ҳақида фикр алмашиш учун ўзига хос мулоқот майдони бўлди.
[gallery-31236]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат),
ЎзА мухбирлари