Қарши шаҳридаги Ватанпарварлар боғи ҳудудида 24 соат давомида фаолият кўрсатувчи янги кўча ташкил этилди. Ушбу кўча аҳоли учун қулай ва замонавий дам олиш, савдо ҳамда хизмат кўрсатиш масканлари билан бойитилди.
Ободонлаштириш ишлари доирасида 550 метр пиёдалар йўлаги пардозланиб, шаҳарликларга қулай ва хавфсиз ҳаракатланиш имконияти яратилди. 400 метр асфальт йўл ва 4 минг квадрат метр брусчатка ётқизилиши шаҳар кўчаларига янги замонавий кўриниш берди. Янги ўриндиқлар эса дам олиш ва учрашувлар учун муносиб жой бўлиб хизмат қилмоқда.
Янги ташкил этилган 52 та объект шаҳар ҳаётига турли хил ранглар киритди: 6 та овқатланиш маскани турли таомларни таклиф этса, 4 та кўнгилочар маскан меҳмонларга дам олиш ва ижодий вақт ўтказиш имконини беради. Шунингдек, 1 та фитнес зал соғлом турмуш тарзига қизиқувчиларни жалб этади, 7 та замонавий хизмат кўрсатиш шохобчаси эса маҳаллий аҳолига хизмат кўрсатишни осонлаштиради.
[gallery-25031]
Янги лойиҳа фақат ободонлаштириш билан чекланмай, 350 та янги иш ўрни яратилиши билан ҳам аҳоли бандлигига ижобий таъсир кўрсатди. Бу эса шаҳар аҳолисининг турмуш даражасини оширишда муҳим қадам бўлди.Лойиҳани амалга ошириш учун тадбиркорлар томонидан 2 миллиард сўм сарфланди, шунингдек дастур доирасида 350 миллион сўм маблағ йўналтирилди.
Маълумот ўрнида: бу Қарши шаҳридаги 24/7 режимида фаолият юритадиган иккинчи кўча ҳисобланади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари