Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги штаб-ишчи гуруҳи аъзолари томонидан Президентнинг жорий йил 3 январдаги “2025 йилда Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси ҳамда жойларда криминоген вазиятни таҳлил қилиш фаолиятининг ташкил этилиши бўйича амалга оширилган ишларни ўрганиш ва амалий ёрдам кўрсатиш мақсадида ҳудудларда ўрганишлар ўтказилмоқда.
Хусусан, ишчи гуруҳ томонидан Бухоро вилояти Бухоро шаҳридаги криминоген вазияти оғир бўлган “Шодлик”, “М.Ашрафий” ва “Бунёдкор” маҳаллаларида мазкур қарор ижроси бўйича амалга оширилган ишлар ўрганилди. “Маҳалла еттилиги” ва “ижтимоий профилактика”га масъул бўлган мутасаддиларга “намунали хавфсиз йўлак” ва “намунали хавфсиз кўча”ларни ташкил этиш, маҳалларни тўлиқ видеокузатув билан қамраб олиш, пробация ҳисобида турган шахсларни ижтимоий муаммоларини ўрганиш бўйича топшириқлар берилди.


Ўрганишларда қарор ижроси бўйича маҳаллаларда тасдиқланган “Йўл хариталари”да белгиланган вазифалар ижросини таъминлашда йўл қўйилган хато ва камчиликлар масъулларга кўрсатиб ўтилди ҳамда уларни қисқа муддатларда қонуний ҳал этилиши юзасидан амалий ёрдамлар кўрсатилди, муайян вақт талаб этиладиган топшириқлар ижроси алоҳида назоратга олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.