Қардошлар дийдори
Шу кунларда мамлакатимиз бўйлаб ранг-баранг ва қизиқарли маданий-маърифий лойиҳалар тобора кенг қулоч ёзган. Пойтахт аҳли қардош халқлар театр жамоаларининг сара спектакллари, ижодий ансамблларнинг қизиқарли дастурларидан баҳраманд бўлаётгани фикримизнинг ёрқин тасдиғидир.
Ўзбек Миллий академик драма театрига Токтоболот Абдумомунов номидаги Қирғиз миллий академик драма театри ижодкорлари ҳамда Қирғизистон делегацияси ташриф буюрди.
Мазкур учрашувга шунингдек, қардош мамлакат элчихонаси, миллий маданий марказлар, юртимиздаги қирғиз диаспораси вакиллари, ижодкор зиёлилар, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг масъуллари таклиф этилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султонов, Қирғиз Республикаси Президенти маслаҳатчиси Медет Букуев кейинги йилларда икки қардош халқ ўртасидаги маданий-маърифий алоқалар янги тараққиёт босқичига қадам қўйганини таъкидлади.
Ўзбекистон жаҳон эътирофидаги атоқли устоз адиб Чингиз Айтматов асарлари дунё бўйича энг кўп ўқиладиган ва чоп этиладиган мамлакат саналади. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида улуғ адиб ижодини мукаммал ўрганиш, асарларини қайта чоп этиш, уларнинг маъно-мазмунини тарғиб этиш ва умуман, Чингиз оға хотирасини эъзозлаш, ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш борасида мисли кўрилмаган янги маърифий ғояларни илгари сургани диққатга сазовордир. Бу эса Чингиз Айтматов ижодини тадқиқ ва тарғиб этишда, икки халқ ўртасидаги маърифий алоқаларни кучайтиришда янги босқични бошлаб берди.

Қардош халқ театр усталарининг Ўзбек Миллий академик драма театрига ташрифи наинки спектакль намойиши, балки зиёлиларнинг ўзаро мулоқоти, фикр ва тажриба алмашиши учун ҳам янги имкониятларни яратгани билан аҳамиятли бўлди.
Ташриф давомида Қирғизистон халқ ёзувчиси Қайрат Иманалиев асари асосидаги “Охирги хат” драмаси намойиш этилди.
Мазкур саҳна асарида Чингиз Айтматовнинг аччиқ ва изтиробли болалик даври, отаси Тўрақул Айтматовнинг бошига тушган оғир кунлар, репрессия этилиши, онаси Нагима аянинг фарзандларини илмга ундаганидек жараёнлар жуда таъсирли тарзда очиб берилган.

Маълумотларга кўра, адибнинг отаси – Тўрақул Айтматов Қирғизистоннинг йирик давлат ва жамоат арбоби бўлган. Унинг заҳматли фаолияти 1924 йилда айнан Тошкентда бошланган экан. Кейинчалик турли йилларда Қирғизистонда масъул лавозимларда ишлаган Тўрақул Айтматов “миллатчилик” ва “аксилшўровий фаолият”да айбланиб ҳибсга олинган... Бошига қатағоннинг машъум зарбаси тушган оиладаги асосий ташвишлар ўша даврдаги миллионлаб оилаларда бўлгани каби мушфиқ она зиммасига тушганди. Адибнинг онаси — Нагима Абдувалиева тақдир зарбаларига қарамай, фарзандларини билим олиши йўлида астойдил ҳаракат қилган.

Чингиз Айтматовнинг болалиги ва ижодида отасининг “халқ душмани” деб топилиши оғир из қолдирган. Адиб кейинчалик ўз асарларида бу мавзуга тез-тез тўхталиб ўтгани адабиёт мухлисларига яхши маълум.
“Охирги хат” саҳна асарида ҳам “халқ душмани”нинг фарзанди сифатида Чингиз Айтматовнинг атрофдаги одамлар, тенгқурлари томонидан камситилиши, ноҳақ муносабатлар бор изтироблари билан очиб берилган. Асар энг оғир ва фожеавий шароитда ҳам она меҳри ва эътибори, ўзининг мустаҳкам иродаси сабаб мурғак Чингиз Айтматов теран маънавиятли шахс, жаҳон таниган адиб сифатида камолга етгани ҳақида ҳикоя қилиши билан эътиборга моликдир.
Тадбирда қардош халқнинг мазкур саҳна асари томошабинларда унутилмас таассурот қолдиргани эътироф этилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири