Мамлакатимиз ва қардош халқлар адабиёти вакиллари Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Носир Фозиловни дангал, рост сўзни айтувчи, ёш қаламкашлардан меҳри ва эътиборини аямайдиган, самимий, дилкаш, одамгарчилиги бутун ижодкор сифатида доим ҳурмат билан ёдга олади.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида Носир Фозилов ижодига бағишланган маънавий-маърифий анжуман ҳамда адибнинг “Топдиму йўқотмадим” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.  

Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари, таниқли шоир ва журналист Минҳожиддин Мирзо бугун мамлакатимизда барча жабҳаларда бўлгани каби маънавий-маърифий соҳалар ривожига кўрсатилаётган эътибор ёрқин натижаларни намоён этаётганини эътироф этди.  

– Адабиёт, китобхонлик ривожи  давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлигида бўлиб турган бир даврда устоз ижодкорларнинг хотирасига ҳурмат ва эҳтиром кўрсатиш устувор аҳамият касб этмоқда, – деди уюшма раисининг биринчи ўринбосари Минҳожиддин Мирзо. – Бугун эрта тонгдан бир қатор устоз ижодкорлар қаторида  Носир ака Фозилов мангу қўним топган масканни зиёрат қилиб, адибнинг хотирасини ёдга олдик. Носир ака ота, устоз сифатида қанчалик кўп ишлар қилган бўлмасин, лекин унинг энг катта хизматлари ўзбек, қозоқ, қирғиз адабиётлари ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашда яққол кўзга ташланади. Улуғ шоир Расул Ҳамзатов “Ёзувчи халқдан  илҳом олиб, бу меросни янада бойитиб,  ўз асарлари орқали яна халққа қайтаради” деган эди. Шу маънода Носир Фозилов халққа олганидан ҳам кўра кўпроқ қайтарган заҳматкаш ва фидойи, халқпарвар, самимий ижодкор эди. Унинг “Топдиму йўқотмадим” номли китоби ёшларимиз учун адабиёт, маънавият ва камолот, одоб-ахлоқ дарслиги бўлиб хизмат қилиши аниқ. 

–   Биз Алишер Навоийдан бошлаб, Ғафур Ғулом, Ойбек ва бошқа кўплаб забардаст ўзбек ижодкорларининг асарларини ўзбек тилида мутолаа этиб, камолга етдик, – деди Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Қулбек Эргобек. – Дарҳақиқат, қардош халқлар ўртасидаги адабий-маърифий алоқаларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантиришда Носир Фозиловдек заҳматкаш ижодкорларнинг ҳиссаси, меҳнатлари ғоят улкандир. Туркистонда Носир Фозилов таҳсил олган мактабга унинг номи берилмоқда. Чимкентда файзли бир кўчани унинг номи билан аташ кўзда тутилмоқда. Назаримда, ўзбек, қозоқ, қирғиз адабиётларини айрим-айрим, деб эмас, яхлит адабиёт деб атасак, бу  бизнинг ютуғимиздир.  

– Ижодкорнинг шахсияти унинг ижоди моҳиятини белгилайди, – деди таниқли адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев. – Носир ака чақмоқдек тез ва теран фикрлай оларди. Унинг гапларида асал ҳам, қалампир ҳам бўларди. Жуда топқир ижодкор эди. Бунинг учун эса одамнинг фикри эркин, ўз сўзига жавоб бера олиш салоҳияти бўлиши керак, албатта. Носир ака ана шундай қобилият соҳиби эдилар. Икки адабиётни мудом боғлаб турувчи кўприк эди.  

– Носир Фозилов қардош адабиётда кечаётган жараёнлардан жуда яхши хабардор ижодкор эдилар, – деди таниқли  адиб, устоз журналист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси Аҳмаджон Мелибоев. – У ким нима ёзаётганидан доим хабардор, ҳозиржавоб, фикрини тўппа-тўғри айтарди.  Ёмон асарни ёмонлигини ҳам дангал айтадиган ижодкор эди. Бугун дунё мамлакатлари ўртасида бир-бирини тушунмасликдек кўнгилсиз ҳолат кўзга ташланаётган бир пайтда туркий давлатлар, шу жумладан, қардош халқлар адабиёт аҳлининг ўзаро ҳамжиҳатлиги кучайиб бораётгани диққатга сазовордир. Зеро, Носир Фозилов ҳам адабий ҳамкорлик, ҳамжиҳатликка ўзининг заҳматли меҳнатлари, бадиий баркамол таржималари, бетиним, фидокорона саъй-ҳаракатлари билан муносиб ҳисса қўшган ижодкор эди.  

Маълумотларга кўра, Носир Фозилов 1929 йил 1 июнда Қозоғистон Республикасининг Туркистон туманида туғилган. 1954 йилда Ўрта Осиё Давлат университети –  ҳозирги Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетини тугатган. Биринчи тўплами  «Ирмоқ» номи билан 1959 йилда нашр этилган. Кейинчалик  «Оқим» (1962), «Робинзонлар» (1964), «Қуш каноти билан» (1965), «Қорхат» (1968), «Кўклам қиссалари» (1970), «Дийдор» (1979), «Танланган асарлар», 2 жилдли (1983— 84),

«Болалигим – пошшолигим» (1989), «Бир отар тўппонча» (1995), «Шум боланинг набиралари» (1995), «Тошкентнинг носи» (1996), «Мунаввар лаҳзалар» (1997), «Эсласанг, кўнглинг ёришур» (2004) ва бошқа асарлари чоп этилган.  Адиб 1990 йилда   “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби”  унвонига муносиб топилган.

Устоз Носир Фозилов қорақалпоқ ва қозоқ ёзувчиларининг асарларини ўзбек тилига таржима қилган. У қозоқ адабиётидан қилган таржималари учун 1986 йилда Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг Байимбет Майлин номидаги мукофотига сазовор бўлган.  Носир Фозилов 1991 йилда Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти совриндори бўлган.  1999 йилда  «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланган.  

Адибнинг “Топдиму йўқотмадим” номли асари 2010 йилда нашр этилган бўлиб, уни Носир ака ўз устози Саид Аҳмаднинг “Топганларим ва йўқотганларим” китобига жавоб тариқасида яратган, десак муболаға бўлмайди. Носир Фозилов ушбу китобда олтмишга яқин адабиёт намояндалари ҳақидаги хотиралар, ёрқин ва ибратли воқеаларни ғоят ҳаётий ва таъсирчан тарзда баён этгани сабабли у юртимиз китобхонларида катта қизиқиш уйғотган эди. Ушбу китобнинг жорий йилдаги нашри эса унинг қайта ишланган ва янада тўлдирилган вариантидир.

–  Дадажонимизни хотирлаб ана шундай анжуманлар, китобларининг тақдимоти ўтказилаётганидан беҳад  хурсандмиз, – деди адибнинг қизи Маҳбуба Фозилова. – Дадам Муборак аяжоним билан  жуда ибратли  умр кечирдилар. Ҳар соҳада интизом,  тартибни яхши кўрардилар. Дадажоним жуда меҳмоннавоз, одамлардан яхшиликни аямайдиган инсон эдилар. Уларнинг хотираларини эъзозлаш борасидаги шундай эътибор учун оиламиз номидан миннатдорлик билдираман. 

Адабий анжуманда Ўзбекистон халқ ёзувчиси Муҳаммад Али, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг ўринбосари Қулбек Эргобек,  адабиётшунос олим Қозоқбой Йўлдошев, “Жаҳон адабиёти” журнали бош муҳаррири Аҳмаджон Мелибоев, филология фанлари доктори, олим Адҳамбек Алимбеков, “Шуҳрат” медали соҳиби Абдунаби Бойқўзиев, “Тил ва адабиёт” журнали бош муҳаррири Фаррух Жабборов ва бошқалар Носир Фозилов ижоди, унинг ибратли фаолияти, эзгу фазилатлари  хусусида батафсил  сўзлади.

Дарҳақиқат, миллий адабиётимиз, ундаги маънавий муҳит, ижодкорлар ҳақидаги ёрқин ва ҳаётий хотираларга бой бўлган “Топдиму йўқотмадим” китоби сўз санъати мухлислари учун чин маънодаги  қимматли туҳфа бўлди.  

Назокат Усмонова, Аҳмаджон Тўраев (сурат), ЎзА

Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Қардош, қондош адабиётнинг жонкуяр тарғиботчиси