Қалам ва қалб уйғунлиги: Ойбек олами
Бу уй оддий манзил эмас — у адабиётга очилган эшик деб айтишимиз мумкин. Деворлари сукутда бўлса-да, ичида бир ижодкорнинг ҳикоялари яшайди. Ойбек уй музейи дейилувчи бу жой орқали биз адибнинг ҳаёти, ижоди ва ички дунёсини янада чуқурроқ англаймиз. Ҳар бир детал ўзига хос маъно ва тарихни ўзида мужассам этади. Бу эса музейни маънавий масканга айлантиради.
Бугунги кунда Ойбек яшаган уй - музейга айлантирилган. Бу маскан адиб ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишиш имконини беради. Музейда унинг шахсий буюмлари, қўлёзмалари ва асарлари сақланади. Бу жой нафақат тарихий обида, балки ёш авлод учун илҳом манбаи биносига айланган.


Ойбек 1905-йилда Тошкент шаҳрида туғилган. У ёшлигидан илм-фанга қизиқиб, ўқишга интилган. Шубҳасиз бу унинг ривожланишида ўша давр ижтимоий муҳитининг таъсири катта бўлган. Ойбек ўз билимини ошириш мақсадида олий таълимни олган ва адабиётга бўлган муҳаббати уни ижод йўлига етаклаган. Унинг ҳаёти осон кечмаган — турли давр синовлари, ижтимоий ўзгаришлар унинг ижодида ҳам акс этган.

Ойбек моҳир шоир бўлгани каби етук романнавис ҳам эди. У яратган «Қутлуғ қон», «Навоий», «Улуғ йўл», «Олтин водийдан шабадалар», «Қуёш қораймас» каби эпик полотнолар, яъни ( қалин жилдли роман) ўзбек реалистик романчилиги тараққиётида муҳим бир даврни ташкил этади. Адибнинг автобиографик қиссаси бўлган «Болалик» 1963 йилда яратилган. Қиссанинг бош қаҳрамони ёш Мусо, яъни Ойбекнинг ўзи ҳақида. Ойбек таржимон сифатида ҳам жуда таниқли шахс. У ўзбек тилидан рус тилига А.С.Пушкиннинг “Эвгений Онегин”, В.Гётенинг “Фауст”, Лермонтовнинг “Маскарад” ва М.Горкий, В.Г.Белинский каби бошқа ёзувчи ва адибларнинг асарларини таржима қилган.

Уй музейи деворларининг ҳар бир бурчаги шоирнинг умр босқичини кўрсатиб туради. Музейга киришингиз билан кичик хоналар ва болалигида ишлатилган турли сопол идишларнинг ёғоч хонтахта устидан жой олган муҳитини кўришингиз мумкин.

Ижодкор муҳаббатининг бошланиши
Адабиётнинг буюк вакили Ойбек ҳаётида унинг турмуш ўртоғи — Зарифа Саидносирова алоҳида ўрин эгаллайди.
Уларнинг муҳаббати баландпарвоз сўзлар билан эмас, балки сокинлик, ҳурмат ва тушуниш орқали бошланган.
Зарифа Саидносирова нафақат садоқатли умр йўлдош, балки билимли, зиёли ва маънавий жиҳатдан бой инсон бўлган. У Ойбекнинг ҳаёт йўлида доимий таянч, унинг ижодий изланишларида ишончли ҳамроҳ бўлиб хизмат қилган.

Синовлар ва садоқат
Ҳаёт йўли доим ҳам равон кечмаган. Турли синовлар, ижтимоий босимлар, оғир даврлар уларнинг йўлида учраган. Аммо айнан шу пайтларда Зулфия ўзининг ҳақиқий қиёфасини намоён этган: у сабр қилган, қўллаб-қувватлаган, ҳеч қачон ортга чекинмаган. Бу севги синовлардан ўтиб, янада мустаҳкамланган.


Илмга муҳаббат
Ойбекнинг қалбида илмга бўлган муҳаббат жуда эрта уйғонган. Китоблар унинг энг яқин дўстига айланган. Ойбек адабиётга 1926 йил чоп этилган “Туйғулар” шеърий тўплами билан кириб келган. Шоирнинг “Дилбар - давр қизи” (1931), “Ўч” (1932), “Бахтигул ва Соғиндик” (1933), “Темирчи Жўра”(1933) достонлари ўз даврининг энг гўзал шеърий солномаларидир. Ойбек тарихий ва замонавий мавзуларда йигирмага яқин достонлар яратган. Ойбекнинг болалиги шундай тасаввур уйғотади: Кичкина Ойбек эски китобни қўлида ушлаб, ҳар бир саҳифани ҳайрат билан варақлайди. Ҳар бир сатр унга янги дунё эшигини очади. У ўқишга шунчалик берилиб кетардики, баъзан вақт ўтганини ҳам сезмай қоларди.

Ойбек фақат ёзувчи эмас, балки жамиятда фаол шахс ҳам бўлган. У илм-фан ривожига ҳисса қўшган, ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаган ва ўзбек маданияти ривожига катта хизмат қилган. У хизматлари учун турли мукофотлар билан тақдирланган. Энг муҳими эса, халқнинг ҳурмат ва эътиборини қозонганидир.

Музейга кирган заҳоти меҳмонларни сокин ва маънавий муҳит қарши олади. Музейда Ойбекнинг шахсий буюмлари, қўлёзмалари ва яшаган муҳитини кўриб, ўша давр руҳини ҳис қилиш мумкин.

Ойбекнинг ўлмас асарлари маънавий хазинамиздан мустаҳкам ўрин олди ва умумхалқ мулки бўлиб қолди. Ойбек 1968 йил 1 июлда 63 ёшида вафот этган. Вафотидан сўнг унинг 20 жилдлик тўла асарлари мажмуаси нашр этилган. «Буюк хизматлари учун» ордени билан тақдирланган.
Нафис чайқалади бир туп наъматак
Юксакда, шамолнинг беланчагида.
Қуёшга кўтариб бир сават оқ гул,
Виқор-ла ўшшайган қоя лабида
Нафис чайқалади бир туп наъматак….
Меҳрибону Тўлқинова,
ЎзА