Қадимиятдан келган одам (+видео)
Деҳқонобод… Пурвиқор чўққилари, гиёҳларга бой доривор сайҳонликлари, чавондозликда донгдор, бахшичиликда ўз ўрни бор буюк маьво. Бу ернинг баҳори жуда ўзгача бўлади-да. Майсалар танасидаги биллур шодалар уч кунлик келинчак бўйнидаги мунчоқлар янглиғ кўҳна Тангиҳарамнинг адирларига гўзаллик бағишлаб турибди. Қиру адирларда отлар уюмининг дупури, қўй-қўзиларнинг маъраши, қўйчибонларнинг “қурей-қурей” деган садоси тўлиб тошади. Ана, қулоққа элас-элас ўтовдан чалинаётган дўмбиранинг юракка яқин садоси эшитиляпти.
Дўмбира гумбурлайди. Қодир бахши “Алпомиш”ни айтяпти. Алпомиш Қултой чол қиёфасида Бойсун-Қўнғирот элини оралаяпти. Саҳар-саҳар уйғотган, тол бешикларга суянган энажонини йўқлаб турибди. Қани, энди давоми нима бўлар экан, дейсиз. Нафасингизни қайтармай кутиб қоласиз. Дўмбира яна гумбурлайди. Етти йилдан бери бир-бирига интизор бўлган ва ҳозир бир-бирини танимай турган икки қалбнинг қўшиқлари бошланади. “Қултой” – Алпомиш эрлигини, зўрлигини пеш қилмайди. Койимайди. Гина қилмайди. Лекин бир-бир гапларни айтадики, Барчиннинг қонга тўлиб турган юраклари ситилиб-ситилиб кетади. Эшитинг:
Ой Барчиним, ёр-ёр,
Гул Барчиним, ёр-ёр.
Ултонтозга текканча
Ўл Барчиним, ёр-ёр.
Балли! Қодир бахши ўзича айтди. Халқ оғзаки ижодини ўзига хос овоз билан тараннум этган, элни оғзига қаратган, шу юртнинг устуворлигини оламга таратган Қодир бахши дарёдек одам эди. Дарё бўлганда ҳам уммонларга қадар оқиб бора олган, тўлқин бўлиб из сололган дарё эди. Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим таъбири билан айтганда, Қодир бахши "қадимиятдан келган одам" эди гўё. Мен яна Қодир бахшини пойдор тоғларга менгзагим келади. Эҳтимол, тоғларни кимдир фақат тошлар йиғиндиси деб англар. Аммо тоғ – қорлар тўшагида мудраб ётган харсанглар эмас, балки жаҳоний сирлардан воқиф улканликдир. Унинг бағридан отилган булоқ сувларидан элу юрт баҳраманд бўлади. Унинг пойида унга сари интилган қанча-қанча қирлар жонҳалак…
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/mstFYWGs6jw" title="Қадимиятдан келган одам" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Қодир бахши ижод пиллапояси давомида 70 дан ортиқ достонларни ёд олди. Ўзи ҳам “Норгулой”, “Ойша”, “Эшқора билан Дўстқора”, “Ойчинор”, “Оллоназар Олчинбек”, “Зайдиной”, “Жарқин мастон”, “Гули Санобар” каби ўндан ортиқ достонлар яратди. Кейинчалик у Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг аьзолигига ҳам қабул қилинди. “Юрт булбули” деб тан олинган бахши 1974 йилда Москвада ўтказилган Халқ ижодиёти Халқаро кўрик танловининг лауреати, 1979 йилда Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган III халқ ижодкорлари фестивали совриндори ва 1980-82 йилларда Тошкент ва Олмаота шаҳарлари миқёсидаги бахши-жировларнинг анжуманларида шоҳсупага кўтарилди. У ўзининг юлдуздай чақнаган қисқа умри давомида тоғлар бағрида умргузаронлик қилиб келаётган ҳиммати баланд, қалби қамар, қадри қиммат танти элининг асрий қадриятларини, ўлмас урф-одат ва аньаналарини самимият билан куйлаб ўтди.
Ҳамма номдор полвонларнинг фарзандлари отасидек донг таратавермайди. Не бахтки, Қодир бахшининг изи қутли бўлди. Унинг бир эмас, тўрт ўғли – Қаҳҳор, Абдимурод, Баҳром, Баҳодирлар ота изидан бориб, унинг шону шавкатини кўзга суртиб, улуғлаб келишмоқда. Соҳир овоз соҳибининг босиб ўтган ҳаёт йўли, ибратли ишлари, у бошлаган хайрли амаллар бугун солиҳ фарзандлар, садоқатли шогирдлар наздида давом этмоқда.
Дўмбира гумбурлайди. Достонлар тилга киради. Нақорат айланиб-айланиб келаверади. Ҳар айланганда дард, аламларга қоришиб, гоҳ айро тушиб айланади. Эшитиб турган одам бўлса юрагини ҳовучлайди. Ишқилиб, шу қўшиқ тугаб қолмасин-да. Узоқ-узоқларга чўзилиб айтилаверсин-да, деган илтижо чирмаб олади юракни. Бизнинг назаримизда бахшимиз ҳеч қачон мангуликка бош қўйган эмас, унинг қўшиқлари мангу барҳаёт. Соз ва овоз уйғунлигидаги у айтган терма-ю, достонлар наинки кўҳна Тангиҳарамда, наинки Ўзбекистонда, балки бутун жаҳонда янграб тураверади.
Ўткир АЛИМОВ, ЎзА