Путин, Си Цзиньпин ва Моди дунёда янги тартиб ўрнатиш зарурлигини айтди (+видео)
Ҳиндистонда бўлиб ўтган БРИКС саммити иштирокчилари дунёда Ғарб давлатлари ҳукмронлигига асосланган ҳозирги тизим ўрнига янги тартиб ўрнатишни исташларини маълум қилди, деб хабар қилди ВВС.
Аммо БРИКС аъзолари бўлган Россия, Хитой ва Ҳиндистоннинг манфаатлари бир-биридан фарқ қилади. Уларнинг АҚШ билан муносабатлари ҳам турлича. Шунинг учун савол туғилади: улар қандай қилиб янги дунё тартибини яратиш ҳақида келиша олади?
Европада Россия хавфсизликка таҳдид сифатида қаралади. БРИКС доирасида эса Москва ўзини ривожланаётган давлатларга нефть, ўғит ва металл етказиб бера оладиган ҳамкор сифатида кўрсатмоқда. Бу давлатларни АҚШ бошчилигидаги урушлар ва инқирозлар туфайли таъминотдаги узилишлар хавотирга солмоқда.
Кремль бу саммитни Россия Украинадаги уруши сабаб халқаро майдонда яккаланиб қолмаганининг навбатдаги далили сифатида кўрсатиши мумкин. Бундан ташқари, БРИКСнинг энг йирик давлатлари Россиянинг уруш ҳаракатларига тўғридан-тўғри ёки билвосита ёрдам бермоқда: Хитой Москвага турли мақсадларда, жумладан ҳарбий соҳада ҳам ишлатилиши мумкин бўлган товарларни етказиб беришда давом этмоқда; Эрон Россияга дрон технологияларини бермоқда; Ҳиндистон эса Россия нефтининг асосий харидорларидан бири бўлиб қолмоқда.
Бироқ бу давлатларнинг барчасини табиий иттифоқчилар деб бўлмайди. Улар ўртасида илгари ҳудудий низолар ва ҳатто қуролли тўқнашувлар ҳам бўлган.
Масалан, 2020 йилда Ҳиндистон ва Хитой ўртасида баҳсли чегара ҳудудида юз берган тўқнашув инсонлар ўлимига олиб келди. Эрон ва БАА эса Яқин Шарқдаги ҳозирги урушда қарама-қарши томонларда турибди. Британиянинг Financial Times газетаси ёзишича, саммитда Россия президенти дунёда янги тартиб ўрнатиш ва таъсир марказини Жануб ҳамда Шарқ томон силжитиш ҳақидаги чақириқларни қўллаб-қувватлади.
Путин, шунингдек, «ўзгараётган воқелик билан келишишни истамайдиган ва кучайиб бораётган рақибларини ҳар қандай йўл билан тўхтатишга уринаётган» давлатларни танқид қилди.
Си Цзиньпин эса сунъий интеллект соҳасида янги ташаббусларни таклиф қилди. Хитойнинг «Синьхуа» давлат агентлигига кўра, бу ташаббуслар умумий фаровонликка олиб борувчи йўлни ёритиши керак. Бу ташаббус Пекиннинг ривожланаётган давлатларда ўз сунъий интеллект технологияларини янада фаол тарғиб қилишга қаратилган кенгроқ стратегиясининг бир қисми ҳисобланади.
Саммит қўшма декларация қабул қилиниши билан якунланди. БРИКС аъзолари ўртасидаги келишмовчиликлар айниқса кучайган бир пайтда, бунинг ўзи ҳам сезиларли натижа ҳисобланади.
Кенжа Бекжонов, Улуғбек Тўхтаев, ЎзА