Муносабат
Шу йил 4 ноябрь куни Доҳа шаҳрида ўтган Ижтимоий ривожланиш бўйича Иккинчи Жаҳон саммити глобал ижтимоий тараққиёт учун муҳим майдон бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ушбу саммитда иштирок этиб, нутқ сўзлади. Мазкур халқаро анжуманнинг моҳияти, давлатимиз раҳбари нутқида илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамияти ҳақида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Шаҳноза Холмаҳаматова ўз фикр-мулоҳазаларини, муносабатини билдирди.

— Бугунги глобал даврда ижтимоий барқарорлик, инсон қадри масалалари инсоният олдидаги энг долзарб вазифалардан бирига айланган. БМТнинг 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартиби доирасида аъзо давлатларнинг умумий ҳаракат йўналишида инсон ҳуқуқларини таъминлаш, ижтимоий тенгликни қарор топтириш ғояси марказий ўринга қўйилди.
Бу борада 1995 йилда Копенгаген шаҳрида ўтказилган Ижтимоий ривожланиш бўйича биринчи Жаҳон саммитидаги Копенгаген декларацияси қашшоқликка барҳам бериш, тўлиқ бандликни таъминлаш ва ижтимоий интеграцияни чуқурлаштириш бўйича глобал мажбуриятларни белгилаб берган муҳим сиёсий келишувдир.
Қатар пойтахти Доҳада ўтказилган Ижтимоий ривожланиш бўйича Иккинчи Жаҳон саммити Копенгаген ғояларини замонавий глобал кун тартибида давом эттирди.
Саммит доирасида камбағалликни қисқартириш, ижтимоий тенгсизликни камайтириш, бандликни ошириш ва иқлим ўзгаришининг ижтимоий оқибатларини юмшатиш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур нуфузли анжуманда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, жаҳон миқёсида муҳим бўлган глобал ташаббусларни илгари сурди. Бу ташаббуслар миллий ислоҳотларимизда шаклланган амалий тажриба асосида инсон қадри ва ижтимоий адолат ғояларига янги мазмун берди.
Жумладан, Глобал ижтимоий адолат фондини ташкил этиш ташаббуси — камбағалликка қарши курашиш ва тенгсизликни камайтиришнинг янги молиявий архитектурасини яратиш имконини беради. Очлик ва қашшоқликка қарши кураш бўйича Глобал альянс саммитларидан бирини Ўзбекистонда ўтказиш ва унда таълим масаласини асосий йўналиш сифатида белгилаш таклифи — ижтимоий муаммоларга таълим орқали ечим топиш ғоясини илгари суради.
Шунингдек, мигрантлар ва уларнинг оилаларини ижтимоий ҳамда ҳуқуқий ҳимоя қилиш бўйича халқаро форум ўтказиш ташаббуси ҳам долзарбдир. Бугунги кунда дунёда 300 миллиондан ортиқ инсон ўзга мамлакатларда меҳнат қилиб, кўпинча ҳуқуқий ҳимоясиз қолмоқда. Шу боис, ушбу ташаббус миграция жараёнларида инсон қадрини таъминлашга қаратилган муҳим қадам сифатида эътироф этилди.
Иқлим ўзгаришига қарши курашни бандлик дастурлари билан уйғунлаштириш, экологик инновациялар ва технологияларни кенг татбиқ этиш бўйича илгари сурилган таклифлар ҳам халқаро ҳамжамият эътиборини тортди.
Хусусан, БМТ резолюцияси билан “Экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди” деб эътироф этилган Оролбўйи минтақасида янги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш модели яратиш ташаббуси глобал миқёсда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Бугунги кунда Ўзбекистон айнан ана шу тамойилларни ўз миллий сиёсатининг марказига қўйган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида сўнгги саккиз йил ичида мамлакатда “Инсон қадри учун” ғояси давлат сиёсатининг бош мезонига айланди.
Янги таҳрирдаги Конституцияда Ўзбекистоннинг ижтимоий давлат мақоми мустаҳкамлаб, давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш ва камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш мажбуриятини зиммасига олди.
Бу ёндашув амалий натижалар бермоқда. Мамлакатда камбағаллик даражаси 35 фоиздан 6,6 фоизгача қисқарди. “Маҳаллабай ишлаш” тизими, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари” каби механизмлар аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига манзилли ёрдам кўрсатишда самарали воситага айланди. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва “Инсон” марказлари фаолияти орқали оилалар кафолатланган ижтимоий ҳимоя билан қамраб олинди.
Ўзбекистоннинг миллий ислоҳотлари нафақат мамлакат ичида, балки халқаро майдонда ҳам ижобий резонанс бермоқда.
Ўзбекистон бу йўлда қатъий сиёсати, инсон қадрини улуғлаш борасидаги ислоҳотлари ва халқаро ташаббуслари билан барқарор ривожланишнинг янги босқичига етакчилик қилаётган давлат сифатида эътироф этилмоқда.
Доҳа саммити нафақат янги имкониятлар минбари, балки инсон қадри ва адолат ғояларига асосланган барқарор келажак сари қўйилган яна бир муҳим қадамдир.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди.
ЎзА