Президент олимпиадаси: Медаллар сонида Қашқадарё, сифатида Хоразм вилояти етакчи
Бугун, 31 октябрь куни “Президент олимпиадаси” мусобақаларининг спорт курашлари, гандбол, соҳил волейболи баҳсларига старт берилса, оғир атлетика ва қиличбозлик спорт турларида сўнгги кунги беллашувлар бўлиб ўтади.
Пойтахтимиздаги “Олимпия шаҳарчаси”, Республика олимпия ва паралимпия спорт турлари маркази ҳамда Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университети спорт мажмуаларида ўтаётган “Президент олимпиадаси”нинг ортда қолган тўртинчи кунги натижаларидан сўнг Хоразм вилояти ёш спортчилари умумжамоа ҳисобида ҳамон етакчилик қилмоқда.

Бугун давом этаётган бешинчи кунги мусобақалар остонасида 90 та медаллар жамланмаси, яъни 306 та соврин ўз эгаларига топширилди.
Ҳозиргача Хоразм вилояти вакиллари 15 та олтин, 8 та кумуш ва 12 та бронза медали билан пешқадамликни сақлаб турибди. Кейинги поғоналарни банд этган Қашқадарё вилояти вакилларида 12 та олтин, 16 та кумуш ва 16 та бронза, Самарқанд вилояти жамоасида 11 та олтин, 10 та кумуш ва 7 та бронза медали мавжуд.

“Президент олимпиадаси”нинг ортда қолган тўртинчи кунида дзюдо, волейбол ва стол тенниси мусобақалари поёнига етди.
Дзюдо беллашувларининг аралаш жамоавий баҳсларида Самарқанд, Бухоро, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Хоразм вилояти ёшлари етакчиликни қўлга киритди.

Волейбол мусобақаларининг ўғил болалар жамоалари ўртасида Андижон, Қорақалпоғистон Республикаси ва Фарғона вилояти кучли учликни банд этган бўлса, қизлар жамоалари ўртасидаги ўйинлар якунида Қорақалпоғистон Республикаси чемпионлик шоҳсупасига кўтарилди. Кейинги ўринлар Самарқанд ва Хоразм жамоаларига тегишли бўлди.
“Президент олимпиадаси” мусобақалари 8 ноябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА