Ўзбекистон Либерал демократик партияси ташаббуси билан Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида “Фаровон оила” лойиҳаси доирасида “Оилада ҳуқуқий маданиятни ошириш – зўравонликнинг олдини олишнинг муҳим омили” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Унда шу йил 3 март куни қабул қилинган “Аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини кучайтириш ҳамда уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш бўйича қўшимча ташкилий-ҳуқуқий чоралар тўғрисида”ги Президент фармони мазмуни ва унда белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда аёллар ва болалар ҳуқуқларини ишончли таъминлаш, уларни ҳар қандай тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда бундай ҳолатларга нисбатан муросасизлик муҳитини шакллантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада ушбу фармонда ўз аксини топган вазифалар муҳим аҳамият касб этади.
– Мазкур фармонда ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратиш кўзда тутилмоқда, – дейди Қонунчилик палатаси депутати Гулшана Худоёрова. – Жумладан, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади. Талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилади. Бу имкониятлар талабаларга, айниқса, қизларимизга янада кенг шароит яратади. Йиғилишда шу каби масалалар ҳақида батафсил тушунчалар бердик.
Шунингдек, давра суҳбати давомида талаба-қизларнинг мустақил тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга оид қатор саволларига жавоб берилиб, тегишли маслаҳат ва йўл-йўриқлар кўрсатилди.
М.Комилова, ЎзА