Президент: чет элда меҳнат қилаётган бирорта юртдошимиз ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак
Президент Шавкат Мирзиёев меҳнат миграцияси масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказмоқда.
Президентимиз чет элда меҳнат қилаётган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлатнинг доимий вазифаси эканини алоҳида таъкидлади.
– Чет элда ишлаётган ҳар бир юртдошимиз – оиласининг ризқи, фарзандлари келажаги учун тинимсиз меҳнат қилаётган ҳақиқий мард инсонлар. Улар ҳам бизнинг фуқароларимиз, бизнинг фарзандларимиз! – деди Президентимиз.
Хорижда муаммога дуч келган ватандошларимиз энди ёрдам сўраб, “Онлайн маҳалла” платформасида хабар қолдира олади. Зарур ҳолларда элчининг ўзи фуқаро олдига бориб, унинг ҳуқуқини ҳимоя қилади ва муаммосига ечим топиш билан шуғулланади.
– Чет элда меҳнат қилаётган бирорта юртдошимиз ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак, – деди Президентимиз.
Ҳокимлар олдига хорижда ишлаётганларнинг оиласи ва ота-онаси фаровон ҳаёт кечириши, фарзандлари яхши таълим олиши учун шароит яратиш вазифаси қўйилди. Ҳар бир ватандошимиз қаерда бўлмасин, ортида уни қўллаб-қувватлайдиган Ватани борлигини ҳис қилиб яшаши кераклиги таъкидланди.
ЎзА