Польшада Президент ва ҳукумат ўзаро келишмаяпти (+видео)
Польшада Конституциявий трибунал атрофида юзага келган можаро мамлакатдаги икки асосий сиёсий куч – Бош вазир Дональд Туск бошчилигидаги “Фуқаролик платформаси” ва Ярослав Качиньскийнинг “Қонун ва адолат” партияси ўртасидаги кўп йиллик қарама-қаршилик яна авж олди. Бу ҳақда ВВС хабар қилди.
Конституциявий трибунал судьяларининг қонуний мақоми ва тузилма раҳбариятини шакллантириш билан боғлиқ зиддият ҳолатнинг асосий сабаби сифатида кўрсатилмоқда.
Бу муаммонинг илдизи 2015 йилга тақалади. Ўша пайт судьяларни тайинлаш жараёнида йўл қўйилган баҳсли қарор натижасида трибуналнинг қонунийлиги ва мустақиллиги юзасидан узоқ давом этган ҳуқуқий низо бошланган.
Жорий можаро судья Анна Корвин-Петровскаянинг трибунал раиси Богдан Свенчковский ва унинг ўринбосарини лавозимидан четлаштириш тўғрисида қарор чиқариши билан кескинлашди. Президент Кароль Навроцкий вазиятга шахсан аралашиб, трибунал биносига борди. Ўша ерда тунги тўқнашув содир бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди.
“Қонун ва адолат” партияси тарафдорлари ҳодисани “давлат тўнтариши” дея баҳоламоқда. Ҳуқуқшунослар орасида вазиятга нисбатан турли қарашлар мавжуд.
Аслида, фақат суд тизими билан боғлиқ эмаслиги тахмин қилинаётган мазкур қарама-қаршилик Президент ва ҳукумат ўртасидаги ҳокимият ваколати учун кураш жараёнини ҳам акс эттиради. Навроцкий ҳукумат ташаббусларига нисбатан вето ҳуқуқидан фаол фойдаланмоқда, Туск тарафдорлари эса трибунал мустақиллигини тиклаш зарурлигига урғу бермоқда.
Можаронинг сиёсий аҳамияти келаси йил кузга белгиланган парламент сайлови билан ҳам боғлиқ. Президентнинг фаол ҳаракати ўнг қанот сиёсатчилари бирлашишига туртки берди. Айрим кузатувчилар Навроцкийни шу кучлар етакчисига айланишини фараз қиляпти. Туск учун эса вазият демократия ва суд мустақиллигини тиклаш борасидаги ҳукумат фаолиятини намоён этиш имконини ҳам ифодалайди.
Умуман, Польшадаги вазият оддий суд-ҳуқуқ низосидан кўра анча кенг. Яъни, мамлакатдаги сиёсий кучлар ҳокимият учун, суд тизими мустақиллиги ва Конституция устуворлиги билан бевосита боғлиқ курашга жиддий киришган. Агар томонлар ўзаро келишувга эриша олмаса, сиёсий қарама-қаршилик янада чуқурлашиб, халқнинг ҳуқуқий тизимга ишончи сусайиши мумкин.
Кенжа Бекжонов, Салимжон Обиджонов (видео), ЎзА