Польшада фермер янги йўлни тракторда бузиб ташлади
Польшанинг Гливице шаҳрида 60 ёшли фермер янги ётқизилган асфальт устига тракторда кириб, йўлнинг қарийб 200 метр қисмини ағдариб ташлади. Эркак йўл ўзиники экани ва таъмир иши қонунга хилоф ўтказилаётганини даъво қилган. У полицияга йўлни яна бузишини айтган.
Прокуратура фуқарога йирик миқдорда мулкка зарар етказиш айбловини қўйди. Бу жиноят учун 1 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси белгиланган. Суд тергов даврида уни уч ой ҳибсда сақлашга қарор қилди. Терговчилар маълум қилишича, фермер асфальтни атайлаб бузганини тан олган, аммо йўл қурилган ер ўзиники эканини таъкидлаган.
Ҳужжатлар даъвони тасдиқламаган. Гливице шаҳри Йўл бошқармаси маълумотига кўра, Рибацка кўчаси тўлиқ шаҳар мулки ҳисобланади. На йўл, на йўлнинг бирор қисми фермерга тегишли эмас. Бузилиш пайти фермер маст бўлмаган. Трактор полиция жарима майдонига олиб кетилган ва унинг мажбурий суғуртаси ҳам йўқлиги аниқланган.
Ҳодиса шаҳарга анча қимматга тушиши мумкин. Гливице мэри Катаржина Кучиньска-Будка айтишича, дастлабки ҳисоб-китобга кўра, зарар 400 000 злотий – қарийб 93 000 еврони ташкил этади. Фақат асфальт эмас, йўлнинг асоси ҳам бузилган. Прокуратура таъкидлашича, кўча таъмирини аҳоли кўп йилдан бери кутган ва энди қайта тиклаш харажатини аҳоли кўтаришига тўғри келади.
Мусулмон Зиё, ЎзА