Пиллачилик: хомашёдан тайёр маҳсулотгача
Аграр соҳанинг муҳим тармоқларидан бири–пиллачилик фаолиятига Бухоро вилояти миқёсида назар солсак, бухоролик миришкорлар пилла етиштириш давлат шартнома режаларини сўнгги йилларда республикада илғорлар сафида уддалаб келишмоқда.
Бу пилла етиштирувчиларга зарур шарт-шароит яратиб берилаётгани, улар моддий манфаатдорлигига эътибор қаратилаётгани самарасидир.
Жорий йилги мавсумда вилоят пиллакорлари томонидан яратилган “кумуш тола” хирмони 2 минг 788 тонна бўлиб, бу 2022 йилдаги хирмондан 256 тоннага кўпдир. Пилла етиштириш мавсумида 36 мингдан ортиқ ишчи-мутахассис жалб қилиниб, уларнинг бандлиги таъминланди.
Бухоро туманидаги “Buxoro Silk servis” масъулияти чекланган жамияти пиллани қайта ишлашга ихтисослашган корхона сифатида ички имкониятларини кенгайтирмоқда. Аҳоли даромадлари ва моддий манфаатдорлигини таъминлаш мақсадида туманнинг Янги турмуш, Сўфикоргар, Боғикалон, Кўчкўмар, Янгиобод, Гулшанобод, Қавола Маҳмуд, Работқалмоқ, Шехонча каби 14 та ҳудудидаги жами 1,4 мингтадан ошиқ пилла боқувчи – оилавий звенода етиштирилаётган “кумуш тола” нинг буюртмачиси ҳам айнан мазкур корхона ҳисобланади.

–Галаосиё шаҳри Наврўз маҳалласида хом ипакни қайта ишлаб, ундан ипак тола ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхонамиз 2010 йилдан фаолият бошлаганди, – дейди “Buxoro Silk servis” МЧЖ иш юритувчиси Толиб Қаландаров. –Ўтган йиллар мобайнида Бухоро, Ромитан, Пешкў туманларидаги хўжаликларда етиштирилган пилла ҳосилига буюртмачи ва қайта ишловчи сифатида иш юритиб, асосан чет элдаги ҳамкорларга саноат учун қимматбаҳо ипак тола экспорти билан шуғулланиб келмоқдамиз. Мана, уч йилдирки, Бухоро туманида етиштирилаётган хомашёни қабул қилишга ўтганмиз. Жорий йил баҳор ойларидан ҳудуддаги махсус инкубаторияларда жонлантирилган 3829 қути ипак қуртини 250 дан ортиқ фермер хўжалиги ва улар таркибидаги оилавий звеноларга тарқатиб бериб, бундан 223 тонна “кумуш тола” етиштиришга доир шартнома тузилганди. Миришкор хўжаликларининг меҳнати билан 225 тонна пиллани қайта ишлашга қабул қилдик.
Ўтган 2022 йил мавсумида “Buxoro Silk servis” МЧЖ томонидан 208 тонна хом пилла қайта ишланиб, ундан тайёрланган ипак тола умумий қиймати 1 миллион АҚШ доллари эвазига Хитой, Эрон ва Туркия давлатларидаги буюртмачиларга экспорт қилинган. Мутахассисларнинг қайд этишича, 1 тонна пилладан 350 килограм атрофида момиқ ипак тола олинса, ундан 20 минг метр адрас, 13 минг метр атлас ва бошқа маҳсулотлар тайёрланади. Муҳими, соҳани ривожлантириш орқали минглаб янги иш ўринлари яратилади. Айни кунда вилоятдаги “Ромстар”, “Кумушкент ипаги”, “Ғиждувон ипак тола” каби кўп тармоқли корхоналарда ипак толани қайта ишлаб, ундан пишиқ шойи мато кўринишидаги газлама ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Баъзиларида ипак толадан пишиқ-пухта гилам, шойи рўмол, адрас ва атлас мато ҳам ишлаб чиқариш тажрибаси ўзлаштирилмоқда.
Эндиликда “Buxoro Silk servis”да ҳам “хом ашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида ички имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда трикотаж фабрикаси фаолияти ташкил қилингани айни муддао бўлди.
Шу йилнинг дастлабки ойларидан иш бошлаган бу цех 100 минг АҚШ доллари миқдоридаги сармоя эвазига Туркия технологияси билан жиҳозланган бўлиб, унда дастлабки босқичда 15 нафар чеварни иш билан таъминлаш имкони бўлди. Бу ерда ҳозирча пахта матосидан замонавий андозадаги кийим-кечак тикиб тайёрланаётган бўлса, яқин ойларда ипак мато ва газламадан маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам мўлжалланмоқда.

Жорий йилда ҳам МЧЖнинг Галаосиё шаҳридаги марказий пиллахонаси ва “Янгиобод” маҳалла фуқаролар йиғинидаги пилла қабул қилиш масканида саранжомланаётган пилла миқдори ўтган йилги хомашёдан 14,5 тоннага кўпдир. Корхонада 30 нафар ишчи-мутахассис учун барқарор меҳнат шароити яратилган.
“Яшил макон” умумиллий ҳаракати доирасида Янги турмуш маҳалласи ҳудудидан ажратилган 7 гектар ерда тут плантацияси ташкил қилинмоқда. Бундан ташқари, яна 5 гектарда ипак қурти боқувчи фермер хўжаликлари, агрокластерлар учун алоҳида тут кўчати етказиб бериш ҳаракатига киришилган. Қолаверса, “Buxoro Silk servis” МЧЖ томонидан икки йил бурун Пешкў туманидаги экин ерларидан ажратилган 3,8 гектар майдонда ипак қурти озиқаси учун 23 минг дона тут кўчати ўтқазилиб, парваришланмоқда.
Ана шу саъй-ҳаракатлар самарасида пиллани қайта ишлаш корхонаси жорий йилнинг шу кунигача 500 минг АҚШ доллари миқдоридаги маҳсулотни туркиялик ва эронлик буюртмачиларга экспортга чиқарган. Шу кунларда яна шунча қийматдаги ипак тола хорижий ҳамкорларга етказиб бериш мақсадида омборда қадоқлаб қўйилган.
Аҳил жамоа жорий йил охиригача чет эллик бизнес шерикларига етказиладиган маҳсулот экспортидан 2 миллион АҚШ доллари миқдорида даромад қилишни кўзлаб турибди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.